Севишганлар ўз жонига қасд қилди
Қорақалпоғистонда йигит севгилисини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида турли миш-мишлар тарқалган эди. Ушбу ҳодиса юзасидан суд иши охирига етиб, сирли қотиллик ҳақида ЎзАда маълумот берилди.
Маълум бўлишича, фуқаро А.Т. Тошкент шаҳрида қурилиш ишларида юриб, ўзининг гаплашиб юрган қизи С.Қуралбаеванинг бошқа йигитга турмушга чиққанлиги тўғрисидаги хабарни эшитади. Дарҳол қиз билан боғланиб, воқеага ойдинлик киритади.
Шундан сўнг А.Т. Қорақалпоғистонга қайтади. Суйган қизи билан учрашгач, иккиси аввал ўзаро берилган ваъдасини, яъни “агар турмуш қурмасалар, ўз жонига қасд қилиш” ваъдасини бажаришга келишадилар.
Эртаси куни бу ишни амалга оширишга келишган жуфтликлар қабристонга келган. А.Т. эса ўзи билан пичоқ олган бўлиб, суиқасд олдидан ёш келиннинг турмуш ўртоғига телефон қилиб ўз қарорларини билдирган. Дастлаб А.Т. қизнинг чап кўкрак қисми, бўйин ва қорин соҳасига бир неча марта пичоқ урди. Сўнг ўзини ҳам пичоқлади. Аммо воқеа жойига ўз вақтида етиб келган тез тиббий ёрдам туфайли А.Т.нинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ушбу ҳолат бўйича олиб борилган суд ишида А.Т.га Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.