Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай ва Пайариқда ўз жонига қасд қилган икки нафар аёл воқеаси бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди

6 январь куни Нарпай туманининг “Чархин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1991 йилда туғилган А.И. уйининг молхонасида ўзини осиб, жонига қасд қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза ҳамда унинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари томонидан оилавий низолари, шунингдек, бирор киши А.И.нинг устидан шикоят қилиб маҳаллага оғзаки ёки ёзма тартибда мурожаат қилган-қилмагани бўйича текширув тайинланган.

Воқеа содир бўлган куни ёки ундан олдин А.И.нинг хонадонида яқин қариндошлари ёки бирор-бир киши ўртасида уруш-жанжал бўлган-бўлмаганини аниқлаш мақсадида тегишли идораларга алоҳида топшириқ берилган.

Шунингдек, 1 январь куни соат тахминан 09:30 ларда Пайариқ тумани, “Маданият” МФЙда яшовчи 1991 йилда туғилган аёл уйида устига суюлтирилган газ конденсатини сепган ва олов ёқиб, ўз жонига қасд қилган. Маълум қилинишича, аёл руҳиятида ўзгаришлар бўлган.

Экспертиза хулосасига кўра, аёлнинг ўлими мурда танасининг 100 фоиз термик куйиши оқибатида юзага келгани кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жинояти аломатлари мавжудлиги ҳамда бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб қонуний тўхтамга келиш имконияти йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳар икки ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.