Шароф Рашидов номини ўзбек халқи тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди 

Таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззахда таваллуд топди. Аввал Жиззах педагогика техникумида, сўнгра Самарқанд давлат университетида таҳсил олди.

Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида бошлади, урушдан кейинги йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати раиси бўлди.

Шароф Рашидов 1959 йилдан 1983 йилгача Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимида ишлаб, халқимиз қалбидан жой олди.

Кечаги кунимиз – тарих. Бугунги кунимиз – ҳақиқат. Эртанги кунимиз – тиниқ орзу. Буларни борича ифодалаш, баҳолаш лозим. Ўзбекистон тарихини миллий руҳ билан яратишда тарихда ёрқин изини қолдирган буюк шахсларнинг ҳаёт фаолиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг тарихи ёшларимизга ибрат бўлади. Шу жиҳатдан яқин тарихимизда ибрат бўладиган шахслардан бири қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонни бошқарган буюк давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидовдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида Жиззах шаҳрида ушбу шахснинг мемориал музейи ташкил қилинди. Музейга  кираверишда Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди”, деган сўзлари  битилган. Ҳақиқатда Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Бундай шахсларни, миллат етакчиларини қоралаш, Ўзбекистон халқини қоралаш билан баробар.

Афсуски, мустабид тузум даврида Шароф Рашидов тириклигида қанчалик қадрланишига қарамасдан, бу дунёни тарк этгандан кейин хотирасига нисбатан қилинган адолатсизликлар, туҳматлар нафақат у кишининг, балки бутун миллатнинг шаънини поймол қилиш билан баробар бўлди. Ўзбекистонни мураккаб шароитда бошқарган Шароф Рашидов дунёдан кўз юмгандан кейин ўзи умр бўйи садоқат билан хизмат қилган тузум унга хиёнат қилди. Унинг қабрини кўчирдилар, номини ёмон отлиққа чиқардилар, оила аъзоларини яқинларини таъқиб қилдилар. Дунёда шунақа адолатсизлик ҳам бўладими? Инсон тириклик пайтида уни кўкларга кўтариб, вафотидан сўнг ер билан яксон этса, бу қандай давлат, қандай жамият бўлди деган савол албатта ҳар бир кишини ўйлантиради.

Бунга жавоб топиш учун “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга жавоб топишимиз лозим бўлади. Ҳақиқатда, биз кеча мустамлака қурбони эдик, бугун эса мустақиллик султони бўлдик. Тарих гувоҳ, агар халқ мустақил бўлмаса, ҳаётда шундай адолатсизликларга дуч келинар эканки, халқини, унинг деҳқони, ишчиси, олиму уламоларини, давлат арбобларини ҳам истаганча хор қилиши инсоний шаънини тупроққа қориши мумкин экан. Буни биз яқин тарихимизда кўрдик ва бошимиздан ўтказдик.

Мустақилликнинг аҳамиятини англашда буюк инсон, давлат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаётини, мураккаб фаолиятини ва унга нисбатан қилинган адолатсизликларни холисона ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун биринчи галда Шароф Рашидов қандай шахс, раҳбар эканлигига назар солиш лозим бўлади.

Ҳеч қандай муболағасиз Шароф Рашидов Аллоҳнинг назари тушган зиёли инсон эди. Шароф Рашидов учун энг мураккаб вазият мустабид тузумнинг мустамлакачилик сиёсати эди. Бошқача айтганда, у киши раҳбарлик қилган замон ва макон, яъни “Келажагимиз – коммунизм!” деган мустабид давр ўта мураккаб эди. Ана шундай ноқулай даврда яшаб, Ўзбекистон халқининг манфаатини ифодалаш ва тараққиётни таъминлаш учун инсон кучли ирода соҳиби бўлиши керак. Шароф Рашидов ана шундай мураккаб вазиятда доно сиёсат юритиб Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг кучли мамлакатга айлантира олди.

Шароф Рашидов давридаги яна бир мураккаб вазият, бу 1966 йил 26 апрелдаги Тошкент шаҳрида содир бўлган зилзила билан боғлиқ. Ана шундай вазиятда Шароф Рашидов нафақат Ўзбекистон Республикасини, балки бутун советлар мамлакатини зилзила оқибатларини бартараф қилишга жалб қилишга эришган. Натижада қисқа муддатда пахса уйлар ўрнига Тошкент янгича замонавий қиёфага эга бўлди. Дарвоқе, зилзила оқибатларини бартараф қилиш масаласи муҳокама қилинаётган вақтда Москвадан келган раҳбарлар Шароф Рашидовнинг таклифини қабул қилмайди. Шунда яна ккучсиз ер силкиниши содир бўлади. Ана шунда Шароф Рашидов “Кўряпсизларми биз қандай мураккаб шароитда фаолият олиб боряпмиз”, дейди. Шундан сўнг иттифоқ раҳбари Л.Брежнев таклифни қабул қилади, бундан кекса авлод хабардор. Бу ерда қандайдир илоҳийликни кўриш мумкин ва бу бизни юқоридаги Аллоҳнинг назари тушган халқ деган фикримизни тасдиқлайди.

Шароф Рашидов нафақат бир республика, балки глобал миқёсда фикрлайдиган лидер бўлган. Масалан, 1962 йилдаги Кариб инқирози деб ном олган АҚШ билан Куба ўртасидаги зиддиятни бартараф қилишда Шароф Рашидовнинг ҳиссаси ҳам беқиёс. Ёки узоқ  йиллар давом этган  Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги уруш ҳолатини бартараф қилишда 1966 йилдаги Тошкент декларацияси муҳим роль ўйнаган. Умуман, Шароф Рашидов СССР мамлакатининг ташқи сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиб, кўплаб делегацияларга раҳбарлик қилган. Ҳатто ўша машҳум 1983 йилда ҳам Шароф Рашидов Эфиопияга расмий ташриф билан сафарга борган эди.

Энди адолат юзасидан ўша замонда рўй берган коррупция иллати тўғрисида гапирсак. Бу ҳам ўта мураккаб вазиятларни юзага келтирди. Миллатнинг “элитасини” саҳнадан тушириш, бунинг замирида миллатни қоралашга қаратилган “Пахта иши” ўзи бир катта адолатсизлик тарихи. Қисқаси, коррупция иллатининг келиб чиқиши пахта якка ҳокимлигини ўрнатилиши билан боғлиқ. Бу машаққатли меҳнатни бизга олдин чор Россияси, сўнгра мустабид тузум эгалари тақдиримизга боғлашди.

Шароф Рашидовнинг вафот этиши ҳам айнан ана шу пахта фронти билан боғлиқ эди. Эфиопиядан сафардан келгандан сўнг тезда Хоразм вилоятига ташриф бўлди, чунки пахта йиғим-терим жараёни кетаётган эди. Сўнгра СССР министрлар совети раисининг биринчи ўринбосари Ҳ.Алиевнинг келиши муносабати билан Урганчдан яна Тошкентга учишга тўғри келади. Учрашув тугагач, Шароф ота Тошкентдан Урганчга учиб боради ва Урганчдан Қорақалпоғистонга бориш керак бўлади. Айнан шу йўлда юрак хуружига учраб вафот этади.

Биз бугун мустақил мамлакатда яшаб туриб Шароф Рашидов яшаган даврни тўғри англаган ҳолда фикрлашимиз керак. Ўша вақтда Советлар мамлакатининг раҳбари Н.Хрушев “Американи қувиб етиш ва ундан ўзиб кетиш”  (Догнать и перегнать Америку) шиорини илгари суради. Ана шундан сўнг бутун мамлакат миқёсида, жумладан Ўзбекистон Республикасида рекорднинг орқасидан қувиш бошланади. Ўзбекистонга ҳам пахта тайёрлашни 6 миллион тоннага чиқаришга интилиш бошланади. Бунинг оқибатида эса пахтани қўшиб ёзиш ва коррупция иллати кучайиб кетади. Буни тўхтатиш Шароф Рашидов имкониятидан ташқарида эди. Шунинг учун пахта муаммоси Шароф Рашидовнинг айби эмас, балки офати, фалакати эди. Буни англаш Шароф Рашидов шахсига объектив ва холисона баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга.

Яратганга беҳисоб шукр, мустақиллик туфайли тарихий адолат тикланди. Шароф Рашидов буюк шахс сифатида қайта танилди ва тан олинди. Кўриниб турибдики, тарих улуғ мураббий ва буюк тарбиячидир. Инсон ва жамият ўтмишдан тўғри хулоса, сабоқ чиқариб яшагандагина тарихий адолатни қарор топтириш, ўз тақдири ва келажагини ўз қўли билан барпо  этишга қодир бўлади. Шароф Рашидов Ўзбекистон тарихида буюк шахслар қаторидан муносиб ўрин олишга ҳақли.

Мамаюнус Пардаев,

Фарҳод Набиев,

профессорлар.