Шарқона маънавият ва замонавий тараққиёт чорраҳасидаги Эрон
Профессор Азамат Акбаровнинг қадимий маънавият ўчоқларидан бири бўлган Эрон бўйлаб амалга оширган сафари натижасида яратилган ана шу номдаги китоби чоп этилди.
Самарқанд шаҳридаги "Панжоб" мадрасасида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилди. Унда иштирок этган бир гуруҳ таниқли олимлар ва мутахассислар ўзларининг китоб ҳақидаги илиқ фикрларини билдирди.
- Китоб кенг омма учун мўлжалланган, - дейди "Ўзбекистон-Эрон" дўстлик жамияти бошқарув кенгаши аъзоси Ҳайдар Холов. - Китоб саҳифаларини варақлар экансиз, сиз ҳам муаллиф билан бирга ушбу мамлакатнинг жозибали шаҳарларига саёҳат қилиш баробарида, унинг қадимий осори-атиқалари, маънавий дунёсидан баҳра оласиз. Шу билан бирга, башарият тараққиёти учун хизмати сингган буюк давлат арбоблари ва ижодкорлари билан танишасиз, ширинсухан одамларининг муомаласи ва урф-одатларидан завқланасиз, таомларидан татиб кўргандек бўласиз.
Китоб Ўзбекистон ва Эрон давлатлари раҳбарларининг иккала мамлакат ўртасидаги маданий ва гуманитар соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича эришилган келишувларига мос бўлиб, “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти томонидан қадимдан Ўзбекистон ва Эрон халқлари ўртасида мавжуд бўлган ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган фаолиятида муҳим манба ва воситалардан бири бўлиши шубҳасиздир.
- 80 дан ортиқ давлатга борганман, лекин Эронда бўлмагандим, - дейди китоб муаллифи Азамат Акбаров. - Эрон мен учун фақат орзу бўлган. Ниҳоят, менга Эрон ташқи ишлар вазирлиги томонидан "Теҳрон диалог форуми" номидаги конференцияда Ўрта Осиёда бўлиб ўтган сўнгги ўзгаришлар ва таълим тизими ҳақида маърузачи сифатида иштирок этиш имконияти берилди. Шундан сўнг Эронда 1 ой бўлдим ва у ердан кўплаб қимматли таассуротлар билан юртимизга қайтдим.
Тақдимот сўнгида қатнашчиларга муаллифнинг ушбу китоби совға қилинди.
Жасурбек ШУКУРОВ.