Шартли фавқулодда вазиятларнинг олди олинди
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Машғулотлар жараёнида аҳоли хонадонларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган заҳарланиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда жабрланганларни қутқариш ишлари, газ тақсимлаш масканида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолат, юқори кучланишли нимстанцияларда электр энергияси узилиши билан боғлиқ авария, табиий газ қувурларидаги носозлик оқибатида келиб чиққан ёнғинни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар намойиш этилди. Шунингдек, табиий ва сифатсиз консерва маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

– Бу каби ўқув-машғулотларни ўтказишдан асосий мақсад - куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва юз бериши мумкин бўлган техноген ва табиий офатларнинг олдини олиш, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Ғ.Равшанов. – Бугунги машғулотда ташкилот ва муассасаларнинг мавсумга тайёргарлиги, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уларни тезлик билан бартараф қилиш кўникмаси синовдан ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров иштирок этди.
Бахтиёр МУСТАНОВ.