Шавкат Мирзиёев: Илм-маърифат, юксак маънавият энди бизга ҳаводек керак
Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университет филиаллари очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баравар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.
Боғчадан то олий ўқув юртигача таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак.
Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Олий таълим тизимида қилган хатоларимизни тўғирлашнинг вақти-соати келди. Такрор-такрор айтаман, илм-маърифат, юксак маънавият энди бизга ҳаводек керак.
Шарқ донишмандлари айтганларидек, “Энг катта бойлик - бу ақл-заковат ва илм. Энг катта мерос - бу яхши тарбия. Энг катта қашшоқлик - бу билимсизликдир”.