Шавкат Мирзиёев: Мактабларда ўқитиш методикаси мутлақо эскирган

Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган Президент иштирокидаги йиғилиш бошланди.

Йиғилишда республика бўйича 1 минг 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича “қизил” тоифага киритилганлиги таъкидланди.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.

“Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганлигидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган.

Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади.

Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси – ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти”, деди давлатимиз раҳбари.