Шахмат бўйича ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги баҳслари бошланди

Самарқанд туманидаги "Конигил" туризм қишлоғида шахмат бўйича вилоятдаги жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 10-30 ёшдаги ёшлар ўртасида «ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги-2025» мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари К.Байзаков сўзга чиқиб, бу каби мусобақалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштиришга қаратилганини таъкидлади ва ёшларга омад тилади.
Мусобақа шахсий биринчиликда швейцарча тизимда 7 турда ўтказилади. Иштирокчиларнинг ҳар бирига 10 дақиқадан вақт берилади. Ҳар бир юришга 2 сония қўшиб борилади. Кўзи ожиз ўйинчилар учун вақт назорати 13+2 этиб белгиланади. Иштирокчиларниннг ҳар бир ғалаба қозонган партияси учун 1 балл, дурранг учун 0,5 балл, енгилган партияси учун 0 балдан ҳисобланади.
Мусобақанинг ғолиблари турларда тўплаган балларнинг кўплиги бўйича аниқланади.