Шахмат: Етакчилар сафида ҳамюртимиз ҳам бор

Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган XIV анъанавий халқаро турнири давом этмоқда.

Дунёнинг 12 давлатидан 150 нафар шахматчи қатнашаётган мусобақанинг «А» гуруҳида ҳамюртимиз Нодир Абдусатторов биринчи ўринни эгаллаб турибди. У 3-турда беларуслик иқтидорли шахматчи К.Спивакни мағлуб этди. Ёш шахматчимиз дастлабки турларда собиқ шахмат чемпиони Р.Қосимжоновдан устун келган эди.

Шунингдек, арманистонлик Ш.Саргисян ҳам мағлубиятга учрагани йўқ. У ҳам 3-турда озарбайжонлик халқаро гроссмейстер М.Муҳаммад устидан ғалаба қозонган. Яна бир арманистонлик Т.Арутунян ҳамда Эрон вакили А.Голамилар ҳам 3 ўйиндан 3 очко жамғаришган.

Умидли шахматчиларимиз Ҳ.Бекмуродов, Н.Ёқуббоев ҳамда Б.Сатторовлар 2,5 очко тўплашган.

Мусобақа давом этмоқда.