Шахс номи ва унинг унвони асосида ҳосил бўлган қишлоқ

Бадал – Тойлоқ туманидаги қишлоқ.

Бу қишлоқ 1904–1905 йилги аҳоли пунктлари рўйхатида Бадалқоровулбеги деб қайд қилинган. Бадал - шахс исми ва «қоровулбеги» сўзларидан ясалган. Қоровулбегилар ҳарбий табақага мансуб амалдорлар бўлиб, уларнинг қўл остидаги кишиларнинг бир тури ҳарбий юришлар даврида хон ўрдасини қўриқлаган ва «кешик қоровул» деб юритилган. Иккинчи бир тури асосий қўшиндан олдинда юриб, душманнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида марказга хабар етказиб турган, яъни хабарчи вазифасини бажарган.

Бадалқоровулбеги топоними мазкур қишлоқ билан боғлиқ шахс номи ва унинг унвони асосида ҳосил бўлган. Вақт ўтиши билан унвон талаффузда тушиб қолиб, Бадал сўзи қишлоқ номи бўлиб қолган.