Шимолий Корея Жанубий Корея томон 200 та снаряд ташлади. Жанубий Корея эвакуация эълон қилди
Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегара яқинида юзлаб артиллерия ўқларини отгач, Жанубий Корея икки ороли аҳолисини эвакуация қилиш бўйича буйруқ берган, деб хабар беради Сеул. Жанубий Корея бу каби ҳаракатлар тинчликка таҳдид солаётганини айтиб, қасос олиш билан таҳдид қилмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, снарядлар Сариқ денгизга икки давлат ўртасидаги амалда чегара бўлган Шимолий демаркация чизиғи деб аталадиган ҳудудга тушган.
“Бу Корея ярим оролида тинчликка таҳдид соладиган провокацион ҳаракатдир. Шимолий Корея инқирознинг кучайиши учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади ва биз уларни бу ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, - дея қўшимча қилди Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги.
2010 йилнинг ноябрида Пхеньян Ёнпхёндо оролига 170 та артиллериядан ўқ узган, натижада тўрт киши, жумладан, икки тинч фуқаро ҳалок бўлган эди. Бу Шимолий Кореянинг Корея урушидан кейин тинч аҳоли ҳудудига биринчи ҳужуми бўлди.