Шимолий Корея навбатдаги ракетани учирди, Япония бош вазири Миллий хавфсизлик кенгашини чақирди
Япония бош вазири Фумио Кисида КХДР томонидан тахмин қилинган ракета учирилиши ортидан Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирмоқда, дея хабар бермоқда Киодо агентлиги ҳукуматдаги манбаларга таяниб.
Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати бугун, 30 январь куни эрталаб КХДРдан баллистик ракета учирилиши ҳақида огоҳлантирди. Япония Мудофаа вазирлиги ҳам учирилиши эҳтимолини маълум қилди. Денгиздаги кемалар диққатини ошириш ва шубҳали объектлар аниқланса, улардан узоқроқ туриш тавсия этилди.
Ракета синовлари ўтказилиши муносабати билан Япония бош вазирлиги идорасида инқирозга қарши штаб ташкил этилган. NHK маълумотларига кўра, Кисида “масъул бўлимларга уч йўналиш бўйича ҳаракат қилишга топшириқ берган: вазиятни батафсил таҳлил қилиш, жумладан, ҳаво ва денгиз транспорт хавфсизлигини таъминлаш, одамларни ўз вақтида батафсил хабардор қилиш, юзага келган вазиятда барча зарур чораларни кўриш".
Кейинчалик, Япония ҳукумати бош котиби Хироказу Мацуно, ракетанинг аниқ хусусиятлари ҳали таҳлил қилинаётганига қарамай, "баллистик ракеталар стандарт кўрсаткичларига асосланиб, ракета 800 километр, максимал парвоз баландлиги 2 минг километр атрофида учгани, парвоз вақти тахминан 30 дақиқани ташкил этгани тахмин қилинмоқда.
Ракета учирилиши муносабати билан Япония ҳукумати "қатъий норозилик" билдирди, дея қўшимча қилди Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби.
Агар учириш ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, бу Пхеньяннинг йил бошидан бери ўтказган еттинчи қурол синови бўлади. Бунгача, 5 ва 11 январь кунлари Шимолий Корея гипертовушли ракеталарни синовдан ўтказди, 14 январда темир йўл ракета тизимидан иккита қисқа масофали баллистик ракета учирилди, 17 январда Шимолий Корея иккита қисқа масофали тактик бошқариладиган ракеталарни синовдан ўтказди. 25 январда - қанотли ракеталар, 27 январда эса тактик ердан ерга бошқариладиган ракеталар учирилган.