Шоир, муаллим ва таржимон Салим Кенжа вафот этди
Фахрий ўқитувчи, Самарқанднинг таниқли шоири, радиоэшиттириш фидойиларидан бири Салим Кенжа 85 ёшида вафот этди.
Салим Кенжа 1936 йил Самарқанд шаҳрининг Кенжаёғчи маҳалласида таваллуд топди.
Ўрта таълимни Самарқанд туманидаги 31-мактабда олиб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиди. Иш фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлади.
1963-1969 йилларда вилоят радиоэшиттириш комитети тожик таҳририятида ишлаб, бу борада катта тажриба орттирди. Кейинчалик Самарқанд давлат педагогика институтида кафедра мудири бўлиб фаолият юритди, юзлаб шогирд тайёрлади.
Салим Кенжа етук шоир ва таржимон ҳам эди. Шеърлари адабий альманахларда, "Садои Шарқ", "Хорпуштак", "Машъал" журналларида эълон қилинган. "Кулол достони", "Хуршидхон" поэмалари муаллифи эди.
Шоир саксон ёшида насрда ҳам маҳоратини синаб кўрди. “Ду қиссаи зиндагй” (“Икки ҳаётий қисса”) номли китоб чоп эттирди. “Аслам ҳақидаги қисса” ва “Ўғлимнинг тўйи” ҳажвий асарлари киритилган тўплам кўпчиликка манзур бўлди.
Шунингдек, болгар шоири Й.Мелив, ўзбек шоирларидан Душан Файзий, Нормурод Нарзуллаев шеърларини тожик тилига таржима қилган эди.
Дўстлари, ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
Камтарин инсон, шоир ва таржимон Салим Кенжа хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими,
вилоят «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти.