«Зарафшон» газетасининг жамоатчи мухбири, моҳир педагог Файзулла Исмоилов вафот этди

Файзулла ака 1948 йилда Жомбой туманининг Қудуқли маҳалласи Кулчабий қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг география факультетида таҳсил олган.

Қўлига дипломни олган йил – 1973 йилдан пенсияга чиққунига қадар тумандаги 27- ва 29-умумтаълим мактабларида ишлади. Сўнгра Жомбой қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ёшларга сабоқ берди. Ҳаётини илм-зиёга бағишлади ва ўзига хос услуб яратди. Рельефли харита асосида дарс ўтиш ташаббусини илгари суриб, бундай хаританинг биринчи нусхасини Жомбойда ясаган инсон сифатида педагогика тарихида қолди.

Файзулла Исмоилов иқтидорли рассом, публицист, ҳажвчи, жаҳонгашта сайёҳ эди. Умри давомида мамлакатимиз ва қўшни давлатлар бўйлаб 30 дан ортиқ экспедициялар уюштирган. У кишининг 1990 йилларда “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида босилган “Экваторни кесиб ўтган матрос” мақоласи анча йиллар шов-шувга сабаб бўлган эди.

Файзулла ака 1970 йиллардан бошлаб туман, вилоят ва республика нашрларининг жамоатчи мухбири сифатида фаол ижод қилди. Айниқса, 1980-1990 йилларда “Ленин йўли”га кичик хабар, чизган расмларидан ва таҳлилий мақолалар жўнатиб турар, таҳририятда фаолият юритаётган Исо Абдураҳмонов, Азиз Йўлдошев, Адҳам Ҳайитов каби журналистлар билан ҳамкорликда ишларди. Сўнгги йилларда нашр этилган «Самарқанд ижодкорлари», «Юрагимдасан, Жомбой», «Жомбой: кеча, бугун, эртага» китобларининг яратилишига муносиб ҳисса қўшганди.

Файзулла Исмоилов мазмунли ҳаёт кечирди. Унинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди.