Маърифатга бахшида умр
Бешафқат ўлим умрини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган тажрибали раҳбар, моҳир педагог, халқпарвар инсон Зиёвуддинхон Улуғовни орамиздан олиб кетди.
З.Улуғов 1958 йил 22 мартда Тожикистон Республикаси Ленинобод вилояти Панжакент туманида туғилган. Ўқувчилик кезларида таълим-тарбия берган устозларига ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлишни орзу қилади.
Мактабни тугатгач, 1981 йилда Самарқанд давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Институтни муваффақиятли битириб, йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Оқдарё туманидаги 32, 39-умумтаълим мактабларига раҳбарлик қилди.
Фидойи устоз 2003 йилдан буён Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилояти бўлими раиси ўринбосари вазифасида самарали фаолият юритиб келаётган эди.
Юрт тараққиёти, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйган жонкуяр раҳбар халқ таълимини ривожлантириш йўлида меҳнат қилди. Унинг ҳаёт йўли илм ўргатиш, қўлидан келганча одамларга яхшилик қилиш билан ўтди. Устоз умри давомида минглаб шогирдларни тарбиялади. Уларнинг ҳаёт йўлини йўлчи юлдуздек ёритди ва мамлакат равнақи йўлида меҳнат қиладиган инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси, моҳир педагог З.Улуғов бир неча бор Халқ таълими вазирлиги, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Фидойи устоз, тажрибали раҳбар, садоқатли дўст, самимий инсон З.Улуғовнинг порлоқ хотираси фарзандлари, дўстлари ва шогирдлари қалбида мангу яшайди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси,
Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилояти бўлими жамоалари.