Тажрибали радио ва матбуот фахрийси, етук журналист Мамадали Эргашев вафот этди
М.Эргашев 1953 йил 25 июлда Каттақўрғон туманининг Қуйравот қишлоғида туғилди.
У иш фаолиятини 1975 йилда Каттақўрғон туманининг “Зарафшон” газетаси типографияси технологи сифатида бошлаган. Кейинчалик Каттақўрғон радиосида катта муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Шунингдек, кўп йиллар вилоят радиоси мухбири, катта муҳаррир, масъул муҳаррир, Ўзбекистон радиосининг Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари бўйича мухбири вазифаларида самарали меҳнат қилган.
Узоқ йил Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг “Каттақўрғон тонги” газетаси муҳаррири сифатида ишлаб, аҳоли муаммоси, таклиф ва мурожаатларини газета саҳифаларига дадил олиб чиқди.
Мамадали ака кейинги пайтда Каттақўрғон туманининг “Каттақўрғон: кеча ва бугун” газетаси мухбири вазифасида фаолият кўрсатаётган эди.
М.Эргашев ёзувчи ва драматург ҳам эди. Ижодкорнинг “Ҳақиқат сабоқлари”, “Саодат йўли”, “Дўст бўлсанг, ёнимда бўл” каби асарлари нашр қилинган. Унинг “Ниҳолларни эгманг” асари Каттақўрғон шаҳар драма театри, “Пўкаклар” асари Наманган вилоят театри саҳналарида намойиш этилган. “Дўст бўлсанг, ёнимда бўл” асари 2003 йилда “Ўзбекистон” телевидениесининг “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида саҳналаштирилган. 1998 йилда ўтказилган Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги Республика ижодий танловида унинг “Саодат йўли” асари иккинчи ўринга сазовор бўлган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ҳамда Zarnews.uz сайти жамоаси марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Мамадали Эргашевнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий сақланади.