Тажрибали журналист, матбуот фахрийси Бойхўроз Маҳмудов 77 ёшида вафот этди
Б.Маҳмудов 1946 йил 7 февралда Нарпай тумани Сепки қишлоғида туғилди.
У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олиб, иш фаолиятини 1970 йилда Нарпай туманининг “Пахтакор овози” газетасида оддий мухбир сифатида бошлади. Кейинчалик “Нуробод” газетасида фаолиятини давом эттириб, мухбир, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари вазифаларида самарали меҳнат қилди.
Бойхўроз ака 1992 йилдан 2013 йилга қадар “Нуробод” газетасида муҳаррир бўлиб ишлади. Бу даврда аҳоли муаммоси, таклиф ва мурожаатларини газета саҳифаларига дадил олиб чиқди.
Гарчи нафақада бўлса-да, кейинги пайтларда журналистикада орттирган тажрибаси билан газета таҳририятига бориб, ёшларга касб сирларини ўргатаётган эди.
Б.Маҳмудов яхши ёзувчи ҳам эди. Ижодкорнинг “Муаллимнинг маҳорати” китоби китобхонларнинг севимли асарига айланган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ҳамда Zarnews.uz сайти жамоаси марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Бойхўроз Маҳмудовнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий сақланади.