«Зарафшон» газетасининг жамоатчи мухбири, шоир ва моҳир педагог Абдураҳмон Қодиров вафот этди
А.Қодиров 1934 йилда Булунғур туманида туғилди. Самарқанд давлат педагогика институтида таҳсил олгач, илк иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлади.
1973 йилда Булунғур туман партия комитети йўлланмаси билан туман халқ таълими бўлимига мудир лавозимига тайинланди ва 1997 йилга қадар шу лавозимда фаолият олиб борди.
Нафақага чиққанидан кейин ҳам таълим ривожи учун ўз тажрибаларини ёш ўқитувчиларга ўргатишни канда қилмади. Мактаб, коллежларда бўлиб, муаллимларга педагогиканинг нозик сир-синоатларини уқтиришдан чарчамади.
Абдураҳмон бобо умрининг эллик йилдан зиёдини ижод йўлига бағишлади ва шу вақт давомида шеър ва публицистик мақолалар ёзиб, вилоятимиз ва республика адабий муҳитида эътибор қозонди. Эл орасида сўзи ўткир, фикри теран, жасоратли қалам соҳиби, деган ном олди. Бу фидойи инсон “Зарафшон” газетасининг ҳақиқий жонкуяр жамоатчи мухбири ҳам эди. 1970 йилдан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эди.
А.Қодировнинг ҳозирги кунга қадар 18 та шеърий китоби босмадан чиқиб, аллақачон ўқувчилар қалбидан жой эгаллаган. «Истиқлол қўшиғи», «Тавалло», «Соғиниб яшайман», «Руҳият», «Умр сабоқлари», «Моҳир бўлгин саҳарда» каби шеърий китоблари шулар жумласидандир.
Давлатимиз ҳам А.Қодировнинг меҳнатларини муносиб тақдирлади. Отахон «Халқ таълими аълочиси», «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллиги», «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланган эди.
Эл ардоқлаган инсон, журналист, шоир ва муаллим Абдураҳмон Қодировнинг хотираси қалбимизда абадий сақланади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари жамоаси.