Шоир ва талабалар аждодларни хотирлади

Пушкин номидаги вилоят кутубхона марказида ўқувчи ва талабаларнинг шоир ва журналист Ёр Муҳаммад билан учрашуви ўтказилди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган ижодий учрашувга шоир, ёзувчи, олимлар, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари, СамДУ қошидаги “Шалола”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Садоқат” ижодий клублари аъзолари, Самарқанд шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби юқори синф ўқувчилари қатнашди.
Тадбирда Ёр Муҳаммад ижодининг ўзига хос қирралари, шоирнинг Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамони Аҳмаджон Қурбонов хотирасига бағишлаб ёзган “Руҳ билан суҳбат” достонида илгари сурилган ғоялар ҳақида тўхталдилар.
Муаллифнинг ўзи юқорида тилга олинган достоннинг ёзилиш тарихи, уруш йиллари халқимиз бошидан кечирган машаққатлар ҳақида гапирди ҳамда шеърларидан намуналар ўқиб берди.
Учрашувда Ёр Муҳаммад фаол қатнашган ёшларга ўзининг китобларидан совға қилди.
Маҳбуба Кулова,
вилоят ахборот-кутубхона маркази хизмат раҳбари.