Шолғом — минг дардга даво!
Шолғом озиқ-овқат маҳсулоти сифатида кенг истеъмол қилиниши билан бирга, ундан қадимдан қатор касалликларга даво сифатида фойдаланиб келинган.
Абу Али ибн Сино шолғомнинг ўртаси ўйилиб, мум ва гулмой солиниб қўрда кўмилгани билан тери касалликларини, совуқдан пайдо бўлган яра ва ёрилишларни даволаган.
Қайнатиб пиширилган шолғом кўкрак қафаси ва томоқни юмшатишда ишлатилган. Шолғомни гўшт билан қайнатиб истеъмол этилса, кишига мадор, кўзга фойда бўлади.
Шолғомдан халқ табобатида ўпка, нафас йўли касалликларида, иситма баланд бўлганида, юрак безовта бўлганида фойдаланилган. Унда сийдик ҳайдаш, жароҳатларни тузатиш ҳамда антисептик, оғриқ қолдирувчи хусусиятлар ҳам мавжуд.
Шолғомнинг қайнатиб пиширилгани ҳамда унинг шарбати бронхиал астма, кўксов касаллигида қатиқ йўтал пайдо бўлганда, ўткир ларингитда, шамоллаш натижасида овоз йўқолганда, уйқусизликда фойда беради.
Уй шароитида шолғомдан дори тайёрлаш
Уй шароитида шолғомдан дори тайёрлаш учун 2 ош қошиқ майдаланган шолғом устига бир стакан қайноқ сув солиб, 15 дақиқа давомида қайнатиб ичилади. Бу қайнатма уйқу олдидан истеъмол қилинса, тинчлантирувчи дори вазифасини ўтайди.
У билан ғарғара қилинса, томоқ ва тиш оғриғига даво бўлади. Пиширилган шолғом бўтқасини подагра билан касалланган жойларга боғлаб қўйилса, ижобий натижа беради.