Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шу йил куз ва келгуси йил кўкламда Самарқандда 17 миллион тупдан зиёд дарахт кўчатлари ўтқазилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги фармойиши ва шунга асосан Самарқанд вилояти ҳокимининг 6 ноябрдаги «Вилоят ҳудудида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида кўкаламзорлаштириш, манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини тизимли ва уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Самарқанд вилоятида куз ва баҳорда 17 миллион 14,5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш белгиланди.

Куз ва баҳор мавсумларида экилиши режалаштирилган манзарали дарахт ва бута кўчатларининг асосий қисми Самарқанд вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси, кўчатчилик фермер хўжаликлари, академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд ҳудудий филиали томонидан етказиб берилади.

Қишки уйқу давридан олдин экилган кўчатлар бехато ривожланиши ҳисобга олиниб, 2020 йил куз мавсумида шаҳар ва туман марказларида архитектура-дизайн талаблари асосида шаҳарга кўрк берувчи манзарали кўчатлар, маҳалла, қишлоқ, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уй-жойлар, ҳовлилар атрофи, хиёбонлар, зиёратгоҳларда эса  каштан, қрим қарағайи, лола дарахти, эман, виргин арчаси, шарқ туяси, япон сафораси, катальпа, шумтол, қайрағоч, тут, заранг, терак ва бошқа турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари, мевали дарахт кўчатлари, қаламчалар экилади.

Айни кунларда жойларда кўчатларни ўтқазиш учун ер тайёрлаш ишларига киришилди.