Швециядаги ижара уйда Ўзбекистон фуқароси вафот этди
- 24.06.2019 13:48
- 145
- Хориж
Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, Швециянинг Стокгольм шаҳрида жорий йилнинг 21 июнь куни 10.09.1983 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Акмалхон Чўлиев ижарага олинган квартирада вафот этган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Элчихона Швеция полициясига мазкур ҳолат бўйича маълумот тақдим этишни сўраб, расмий талабнома жўнатган ва марҳум жасадини ватанга келтириш масаласи юзасидан ўзбек диаспораси вакиллари билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Германия (Берлин, Бранденбург, Бремен, Қуйи Саксония, Гамбург, Мекленбург-Олд Померания, Саксония, Саксония-Анхалт, Шлезвиг-Ҳолштайн, Турингия), Швеция, Швейцария ва Чехия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Берлин шаҳридаги Элчихонаси билан +49-30-39-40-98-55, +49-30-39-40-98-30 телефон рақамлари орқали боғланишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.