Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Си Цзинпин буюк Хитой қурмоқчи: "Мушук қандай рангда бўлиши муҳим эмас, муҳими, у сичқон тутсин" (2-мақола)

1980 йилларнинг бошида Хитой ҳар қандай ҳолатда ўсиши керак эди. "Мушук қандай рангда бўлиши муҳим эмас, муҳими, у сичқон тутсин" - ўша даврнинг энг машҳур ибораси. Дэн Сяопиннинг насиҳатига кўра, Хитой раҳбариятининг асосий вазифаси, биринчи навбатда, янги имкониятлар вагонига ўтиришга улгурганларга давлат орттиришга йўл бериш эди, қолганлар бир гап бўлар.

Мақсадлар тегишли воситалар - кенг кўламли хусусийлаштириш, урбанизация, саноатлаштириш, инфратузилма қурилишига катта инвестициялар, тариф ва савдо тўсиқларини пасайтириш, Жаҳон савдо ташкилотига киришни назарда тутган. Ҳатто армия ҳам бизнес қоидалари билан «юра» бошлади. Хитой бойиб кетди, лекин тараққиёт мувозанатсиз, ресурслар тўпланган, аммо улар адолатсиз тақсимланган эди.

Эндиликда янги иқтисодий моделга кўра, мамлакат умумбашарий фаровонликка эришиши керак ва бу вазифа янги усулларни талаб қилади. Бунда Хитой ташқи дунёдан мустақил бўлиши жуда муҳим. Агар илгари экспорт иқтисодий модель драйвери бўлган бўлса, бугунги кунда мамлакат икки томонлама муомала - экспорт ва ички истеъмолга ўтмоқда. Шу билан бирга, экспорт сифати юқори бўлиши зарур: хитойлик ишлаб чиқарувчилар Европага шубҳали қийшиқкўз қўғирчоқлар ўрнига Tesla билан рақобатлаша оладиган электромобилларни жўнатиши керак.

Коронавирус Хитой расмийларига “маневр” қилиш имкониятини берди: иқтисодий таназзулни инқироз оқибатлари билан боғлаш мумкин бўлса, ҳатто мўътадил ўсиш ҳам юқори - 2020 йил охирида Хитойда ЯИМ ўсиши 2,3 фоизни ташкил этди. Бу эса кучли иқтисодий давлатлар орасида энг яхши кўрсаткич эди.

Бироқ ялпи ички маҳсулот ўсиш кўрсаткичлари энди Хитой учун устувор аҳамиятга эга эмас. Демографик сиёсат эса эътибор марказида - 1,5 миллиард аҳоли қаришидан олдин бойиши керак, тамом вассалом.

Мамлакат раҳбарияти норентабель ва қарзга ботган корхоналарни сақлаб қолиш истагини тобора камайтирмоқда. Агар илгари «қулаши» учун жуда катта, деб ҳисобланган компанияларда муаммолар юзага келганда давлат ҳисобидан нажот умид қилса, сўнгги йиллар тажрибаси бу «дўкон» ёпилгани яхшилигини кўрсатди. Хитойнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси – «Evergrande» дефольти бунинг исботидир.

Янги мақсадларга эришиш учун Пекин илгари имконсиз бўлиб туюлган янада қатъий чораларни кўриши мумкин. Масалан, мол-мулк солиғини жорий этиш. Бу ташаббусга декларацияда кўрсатилганидан кўра кўпроқ мол-мулки бўлган амалдорлар кўп йиллардан бери қаршилик кўрсатиб келмоқда. Аммо шунга қарамай, ҳақиқатан ҳам тенгсизлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам берадиган солиқ ислоҳотлари ўрнига, расмийлар ҳозиргача фақат ихтиёрий ва мажбурий равишда йирик тадбиркорларни хайрияга чақирмоқда. Шундай қилиб, октябрь ойида Alibaba, Tencent ва бошқалар технологик гигантлар Марказий Хитойдаги сув тошқинлари оқибатларига қарши курашиш учун жами 46,6 миллион доллар хайрия қилишди. Бунгача Alibaba “Умумбашарий фаровонлик” (мамлакат иқтисодий ўсишининг янги концепцияси) ташаббуслари: технологик инновацияларни ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларда қашшоқликка қарши кураш учун 15,5 миллиард доллар ажратишини маълум қилган эди.

Ҳукумат келгусида иқтисодиётдаги «тешик»ларни пул билан ёпиши режалаштирмаётганини яқинда бўлиб ўтган Марказий иқтисодий конференция якунлари ҳам кўрсатиб турибди. Унда келгуси йил иқтисодиётида амалга ошириладиган ишлар режаси белгилаб олинди. 2022 йилга мўлжалланган асосий вазифа - иқтисодий барқарорлик бўлиб, бу ҳақда коммюникеда 25 марта қайд этилган. Шу билан бирга, социалистик тузум ривожига ҳисса қўшиши керак бўлган капитал бундан кейин ҳам «тиканли қўл»ларда сақланади: ижтимоий лойиҳаларда иштирок этишни талаб қилиб, монополияга қарши қатъий сиёсат олиб борилади. Социализмга ёрдам бериш учун капитал - аслида оксюморон (қарама-қарши) тушунчадир, аммо Хитой ҳукумати қарама-қаршиликни кўрмаяпти, бошида айтилганидек, мушук ранги қанақа бўлиши аҳамиятсиз.

2021 йилда Хитойнинг беш минг йиллик тарихида бошқа ҳеч бир ҳукумат қила олмаган - қишлоқларда ўта қашшоқликни тугатилгани эълон қилинди.

Маданий соҳада яқинда пайдо бўлган ҳар хил тақиқ ва қоидалар ҳам ёшларга янги давр учун "тўғри" қадриятларни сингдиришга қаратилган. Бу борада "ахлоқий жиҳатдан чирик" машҳурлар, татуировка қилинган спортчилар, фан-клуб ва ҳатто аёлсифат эркакларга айниқса, ёмон бўлди - уларнинг ижтимоий тармоқ аккаунтлари блокланмоқда, телекомпанияларга уларни эфирга чиқармаслик айтилмоқда.

Муқаррар етакчилик

Хитой нафақат ичи, балки ташқарисидан ҳам тубдан ва жадал ўзгариб бормоқда. Дэн Сяопин даврида Пекин кўпроқ ўзига эътибор қилишга ва халқаро майдонда дўппаймасликка – “ўз имкониятларини яшириш, сояда қолишга” ҳаракат қилмаган. Эндиликда Хитой Қўшма Штатлар «оёғини босаётган» дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди бўла туриб, тинчликсевар панда териси остида аждаҳо тишларини яшира олмаслиги аниқ.

Бироқ амбиция ва имкониятлар билан бир қаторда масъулият ҳам ошмоқда. Айниқса, бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолардир. Чунки Хитой дунёнинг асосий ифлослантирувчиси бўлиб, дунё иссиқхона газ чиқиндиларининг тўртдан бир қисми уники. Мутлақ маънода бу дунёдаги барча мамлакатлардан кўп, аммо аҳоли жон бошига ҳисобланганда, Хитой чиқиндиси Американикидан икки баравар кам. Нима бўлганда ҳам қазилма ёқилғисини йўқ қилиш ҳақида гап кетганда, Хитойдан кўп нарса талаб қилинмоқда: мамлакат электр энергиясининг 60 фоизи ҳали ҳам кўмирда ишлайдиган электр станциялари томонидан таъминланади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш барқарор энергия таъминотига боғлиқ булгач, бундай «қарамлик»дан қутулиш осон эмас-да.

Шу билан бирга, Хитой муаммога кўз юммаяпти. 2015-2020 йиллардаги олдинги беш йиллик даврда мамлакат CО2 чиқиндини камайтириш режасини ортиғи билан бажарди ва 2021 йилда қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича жаҳон етакчисига айланди. Бир йил олдин БМТ Бош Ассамблеясида Си Цзинпин истиқболдаги режаларини эълон қилди: Хитой 2030 йилга келиб углерод чиқиндиларининг энг юқори чўққисига, 2060 йилга келиб эса углерод нейтраллигига етади. Бир йил ўтгач, БМТда у ХХР бундан буён чет элдаги кўмир лойиҳаларида иштирок этмаслиги ва Ғарб давлатлари бунинг уддасидан чиқа олмаётган экан, ривожланаётган мамлакатларга энергия алмаштиришда ёрдам беришини эълон қилди.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.