НИМАЛАР ЙЎҚ ХИТОЙДА?

Менга дўстлар Хитойда – 

Ҳамма нарса бор, деган. 

Қайда, бориб кузатсам, 

Кўп нарсалар йўқ экан.

Неъматни исроф қилиш

Мутлақо йўқ Хитойда. 

Бўлган учун тежамкор 

Одамлари хўп бой-да! 

Катта тўй қилмас бунда, 

Қарзга ҳам ботгани йўқ. 

Чарчамас ҳеч меҳнатдан, 

Ғафлатда ётгани йўқ. 

Дасталаб пул сочмаскан  

Қўшиқчининг бошидан. 

"Қистир-қистир"ни билмас

Ҳатто қари, ёши ҳам. 

Чойнинг ватани – Чинда 

Тополмадик «Чойхона». 

"Зорманда" сотилгувчи  

Йўқ бирорта майхона.

Ҳаммаси ихчам, чаққон, 

Қорни катта кимса йўқ. 

Ширакайф бўлиб ёхуд 

Бир-бирига урмас дўқ.

Ғийбатлашган кўрмадим, 

Бекордан Худо безор. 

Дилни оғритмас ҳеч ким, 

Юргайсиз чекмай озор.

Йўлаклар ҳам саришта, 

Ифлос қилмас бирор кас. 

Йўлакка чиқинди ё 

Нос тупуриб ташламас.

Учрамас ҳеч бекорчи, 

Ланж одамни кўрмадим. 

Мен бор-йўғи бир сайёҳ, 

Кузатдим, тинч юрмадим. 

Ютуб каналин кўрсанг, 

Қўйди-чиқди, жанжал йўқ. 

Юмдалашмас бир-бирин, 

Тўқмоғи йўқ, ханжар йўқ. 

Бирор муаммо чиқса, 

Дод солиш йўқ, ҳайқирмас. 

Бўлар-бўлмас ишларга, 

Вақт сарфламас, қайғурмас. 

Ижтимоий тармоғи

Мадҳ этади Ватанни. 

Меҳнату заҳмат чекиш 

Бунда ҳар инсон шаъни. 

Кўчада машиналар

Бир-бирига урилмас. 

Барча жойда тартиб, лек

Миршаблари кўринмас. 

Ҳамма яёв юргайдир, 

Велосипед  - улови. 

Чўпдан машина ясар, 

Топилса бас, қалови.

Тиним билмас аёллар, 

Ким тиккан, ким тўқийди. 

Чиннига айланар лой, 

Сиртида нақш ўқийди. 

Бир нарсадан бир нарса, 

Яратишар эрта-кеч. 

Билиб қилар ишини, 

Ҳузурни ўйламас ҳеч. 

Юришмас чувалашиб, 

Мажлисбозликлар анқо. 

Одамлари чаманда

Хаёл сураркан танҳо. 

Оилавий низога 

Йўқ экан асло вақти. 

Қўйди-чиқди камлиги – 

Хитойликларнинг бахти! 

Одамлар орасида 

Эшитмадим ғийбат гап. 

Хитойликлар биларкан, 

Қайси ишдан келар наф. 

Коррупция ботқоғи 

Сезилмади бу юртда. 

Пора олиб қўйса ким – 

Отиб ташларкан шартта. 

Отиш учун ўқни ҳам 

Олар, тавба, уйидан. 

Шу тарз ҳаромхўрликни, 

Йўқотаркан ўйидан.

*  *  *

"Бу гапларинг не керак?", 

Деманг, сира бизларга. 

Ҳавас билан, не қилай, 

Айтгим келди Сизларга. 

Ҳамма жойда тартиб бор, 

Тартиб бор Қуёш, Ойда. 

Яхши ишни, дўстларим, 

Ўрганганимиз фойда. 

Тўлқин ЭШБЕК.

Хитой. Шэнси вилояти. Сиан шаҳри.