Си Цзинпин Москвага боради, Ғарб Украинага янги ёрдам ажратади

Хитой раҳбари Си Цзинпин Владимир Путин таклифига биноан 20-22 март кунлари Россияга ташриф буюради.

Расмий Кремлнинг билдиришича, Си Цзинпин Москвада Россия президенти билан бир қатор муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолайди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин бу сафарни “тинчлик ташрифи” деб атаган ҳамда Пекин ва Москва ҳеч қандай учинчи томонга қаратилмайдиган ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлаган.

"Украина инқирозига келсак, Хитой бу борада объектив позицияни эгаллайди, биз тинчлик музокараларини илгари суриш учун конструктив роль ўйнаймиз", - деди Ван.

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри Хитой раҳбари Россияга ташрифидан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский билан онлайн учрашув ўтказиш ниятида эканлигини хабар қилган эди. Томонларнинг ҳеч бири бу маълумотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Аввалроқ Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш талаблари бўлмаса-да, лекин ўт очишни тўхтатиш ва бир томонлама санкцияларни бекор қилишни ўз ичига олган Украина бўйича Хитой тинчлик режасини тақдим этган эди.

Ғарбнинг Украинага ёрдами

Европа Иттифоқи кейинги ҳафта Украинага 18 миллиард евролик ёрдам пакетидан 1,5 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдамнинг иккинчи траншини кўчирмоқчи.

Европа Иттифоқи давлатлари декабрь ойида Киевга 18 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратишни маъқуллаган, ва январда Украина 3 миллиард евро миқдоридаги биринчи траншни олган эди. Брюсселнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Украинани қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёр.

Бундан ташқари, Оқ уй Қўшма Штатлар Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлашни давом эттираётганини айтди. Буни яқин кунларда эълон қилинади.