Синовлардан мардонавор ўтаётган халқ етук жамият қуришга қодир

Ҳар қандай давлатда рўй берадиган офатлар ундаги ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб, мамлакатда чуқур инқирозлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, оғир фожиалардан сўнг маълум давлатлар ривожланиб кетгани ҳақида ҳам мисоллар оз эмас.

Тарих китобларини варақлайдиган бўлсак, ўрта асрларда “қора ўлим” деб аталмиш вабо касаллиги тарқалиши бутун Европа ҳаётини тубдан ўзгартириб, унинг ривожланишига замин яратган деган қарашлар бор. Хиросима ва Нагасаки фожиаси ҳамда урушдаги мағлубиятдан сўнг Япониянинг ривожланиши, урушдан сўнг яксон бўлган Германиянинг тикланишини мисол сифатида келтириш мумкин.

Мазкур давлатларнинг оғир талафотдан кейин тезда тикланиб олиши ва ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишига хизмат қилган асосий омил жамиятнинг етуклиги ва самарали бошқарувидир.

Таъкидлаш лозимки, бугун юртимизни оғир ташвишга қўйган коронавирус пандемияси, шамол ва сув офатлари фуқаролар ҳаётига хавф солиш билан бирга давлат бошқаруви самарадорлиги ҳамда жамиятимизнинг етуклигини жиддий синовдан ўтказмоқда.

Мураккаб вазиятда мамлакатимизда рўй берган офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор ва тўғри қарорлар қабул қилиниши, кенг қамровли ишлар катта уюшқоқлик билан ташкил этилиши давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали бошқарув тизими шаклланаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини ислоҳ этишга эътибор қаратилиши синовли кунларда жуда катта талафотларнинг олдини олишда муҳим аҳамияга эга бўлди, деб ўйлайман. Масалан, коронавирус пандемияси билан курашишда, карантин чораларига риоя этилишига эришишда асосий оғирлик ушбу соҳалар зиммасига тушди. Айтиш керакки, бу икки тизим оғир ва масъулиятли вазифани шараф билан уддаламоқда.

Шунингдек, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастурида давлат органлари, идоралар, барча корхона ва ташкилотларга "рақамли иқтисодиёт", замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунда карантин шароитида барча соҳаларда масофадан ишлаш талаб этилаётган вақтда бу вазифаларнинг долзарблигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Яна бир гап. Қурилиш тизимида "Коррупциясиз соҳа" лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор вазифалар белгиланди. Шу орқали маблағларни самарали ишлатиш, қурилишда паст сифатли материаллардан фойдаланмаслик, қурилиш ишларига соҳанинг мутахассиси бўлмаган ходимларни жалб қилиш амалиётига чек қўйиладиган бўлди. Президентимизнинг жорий йил парламентга Мурожаатномасида ҳам қурилиш соҳасидаги коррупцияни бартараф этиш шартлиги таъкидланди. Бу ишларни самарали олиб бориш нечоғлик муҳим эканини Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган фожиалар кўрсатиб берди.

Бу йил йўқотишлар бўлди. Аммо мамлакатимиздаги коронавирус пандемияси ҳам, Бухородаги шамол ва Сирдарёдаги сув офатлари вақтида халқимиз сабр-тоқат, меҳр-шафқат ва юксак матонатни намоён этди.

Хавф-хатар олдида халқнинг бирлашиши ва ўз иродасини намоён қилиши жамиятнинг етуклигини кўрсатади.

Синовли кунлардан сабоқ чиқариб, ишонч билан таъкидлаш керакки, турли офат ва хавф-хатарлар олдида мардонавор турадиган халқимиз Президентимизнинг қатъий ва самарали бошқарувига таяниб, етук жамият қуришга қодир эканига амин бўлдик.

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.