Сиёсий билимга эга ёшлар билимларини “Конституция билимдони” интеллектуал мега-мусобақасида синади
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши, партия қошидаги “Ёшлар қаноти” гуруҳи, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Конституция билимдони” интеллектуал мега-мусобақаси ташкил этилди.
Интеллектуал мусобақада 10 дан ортиқ ёшлар жамоаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар юзасидан беллашди. Таъкидлаш жоизки, мазкур танловдан кўзланган мақсад Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат.
Ўзаро баҳсларга бой ўтган мега-мусобоқа якунида ғолибликни қўлга киритган жамоаларга тадбир ташкилотчиларининг 1-,2- ва 3-даражали дипломлари ва партиянинг эсдалик совғалари ҳамда барча иштирокчи жамоаларга ташкилотчиларининг ташаккурномалар топширилди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар юзасидан амалга ошириш йўлида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар олий ўқув юртларининг фаол талабалари ҳамда O`zLiDeP “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзоларининг ҳуқуқий билимларини янада оширишга ҳамда улар ўртасида ижодий ҳамкорлик ва тажриба алмашишга хизмат қилаётганини эътироф этди.
Қ.Шойимов.