“Сиз ўқишга қабул қилиндингиз” деган SMS келдими?
“Минглаб инсонлар ичидан сизнинг рақамингиз омадли рақам сифатида танланди ва Тошкентдаги нуфузли университет талабаси бўлиш имконияти берилди! Телефон рақамларимиз:...”
Газетамиз ўқувчиларидан бири яқинда унинг телефонига шу мазмунда хабар келганини, хабарда берилган рақамга қўнғироқ қилганида у ростдан ҳам омадлилар сафидан ўрин олиб, ўқишга қабул қилинганини маълум қилишган. Шундан сўнг “омадли” рақам эгасининг телеграмига у қабул қилинган университет ҳақида маълумотлар, унинг лицензияси, бўлғуси талаба юбориши керак бўлган ҳужжатлар ҳамда тўланиши зарур шартнома пули ҳам ёзилган хабар келган.
- Шахсимни тасдиқловчи, ўрта таълимни тугатганлигимга доир ҳужжат, соғлигим билан боғлиқ ҳужжатларни онлайн жўнатишим мумкинлигини айтишди, - дейди Г.Меликова. – Кейин улар шартнома юборишлари ва шу орқали тўловни амалга оширишим кераклигини билдирди. Ўқиш сиртқи бўлиб, Тошкентга фақат икки бор, январь ҳамда июнь ойларида ўқиб келишим мумкин экан. Тўғриси, телеграмдан келган маълумотларга кўра, жуда нуфузли хусусий олий таълим муассасаси экан. Ҳозирча 4,5 миллион сўм пул тўласам, етарли эканлигини айтишди. Мен ростдан ҳам шу йил олий таълим муассасасига ўқишга топширгандим, аммо имтиҳонларда қатнаша олмадим. Ушбу университет ҳақида илк бор эшитяпман. Шунга бироз шубҳам бор, сизлардан маслаҳат сўрамоқчи эдим.
Г.Меликова телеграм тармоғи орқали ташлаб берган маълумотларни кўздан кечирар эканмиз, ростдан ҳам худди шу номдаги хусусий университет мавжуд экани аниқлаштирилди. Университет очилгани ҳақида республикадаги нуфузли оммавий ахборот воситаларида кўплаб эълонлар берилган. Бир қараганда жуда ишончлидай туюлади. Кейин университетнинг расмий каналлари бўйича интернетдан қидирувга бердим. Телефон рақамлари ҳам топилгач, ушбу олий таълим муассасаси маъмурияти билан алоқага чиқдик. Уларга вазиятни тушунтиргандик, бу фирибгарлик эканини айтишди, университет номидан одамларни чув туширишга уриниш эканини аниқладик.
Ҳамкасблар билан суҳбат давомида уларга ҳам шу каби мурожаатлар тушгани, ҳатто Самарқандда мавжуд бўлмаган хусусий университетлар номидан хатлар ташкил этилиб, шартнома пулини тўласангиз, олий таълим муассасаси талабаси бўлиш мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар борлигини айтишди. Бунга ишониб, ҳужжат тўғрилаб юрган абитуриентлар бор экан.
Ёшлар учун олий таълим муассасаси талабаси бўлиш асосий мақсадлардан бирига айланиб қолган, айниқса, ота-оналар фарзанди бу даражани қўлга киритиши учун борини беришга ҳам тайёрлиги кўпчиликка маълум. Шундай вазиятда уларга юқоридаги каби хабарларнинг келиши кутилмаган мўъжизадай туюлиши ва ҳар қандай шубҳа-гумонларга қарамай, мазкур алдовларга учиб қолиши ҳеч гапмас.
Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг, ҳар қандай хушхабар ҳам рост бўлмаслиги ва энг ёмони, сизни чув тушириши мумкин.
Гулруҳ МЎМИНОВА.