“Сиз пул мукофоти ютиб олдингиз!” Интернет-фирибгарга суд ҳукми ўқилди
Навоий вилояти Хатирчи тумани судининг очиқ суд мажлисида ижтимоий тармоқлар орқали “Пул мукофоти ютиб олдингиз” деб фуқароларни алдаган фирибгарга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хатирчи тумани судининг судьяси Ҳабибулла Тўхтаев zarnews.uz`га маълум қилди.
Маълум бўлишича, 1999 йилда туғилган Қ.А. хавфли рецедивист бўлиб, ўзи очган “Agrobank INFO (bot)" номли телеграмм гуруҳи орқали фирибгарликни амалга оширган.
Жорий йил 11 июнь куни ушбу телеграмм гуруҳига аъзо бўлган Ж.Р.га 500 минг сўм пул ютуғи мавжудлиги тўғрисида сохта маълумот ёзиб, ўзига тегишли бўлган пластик картаси рақами ва махфий кодини юбориши лозимлигини, ушбу пластик карта рақамига пул кўчириб берилишини айтган. Алдовга ишонган Ж.Р. танишининг пластик карта маълумотларини ташлаб берган.
Бу карта маълумотлари орқали фирибгар ундаги 3 миллион сўмга яқин пулни шахсий пластик картасига ўтказиб олган.
Суд А.Қ.га иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда узил-кесил 2 йилу 10 ой ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади. Фуқаро Ж.Р.га етказилган зарар ундириб берилди.