Словакиялик профессор Самарқандда ШҲТ саммитига тайёргарлик юзасидан мақола эълон қилди

Словакиянинг «Слово» онлайн нашри саҳифасида Авлиё Кирилл ва Медофия университети профессори Питер Юза қаламига мансуб «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик - Самарқанд-2022» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) пайдо бўлиши тарихи, аъзо мамлакатлар ҳақидаги ва бошқа муҳим маълумотлар ўз ифодасини топган.

Муаллифнинг қайд этишича, ШҲТга раислик қилаётган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тарихий маркази – Самарқандда давлат раҳбарларининг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган саммитига фаол тайёргарлик кўряпти. Унинг фикрича, июль ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари саммити бу йўлдаги муҳим босқич бўлди.

Муаллиф ШҲТ Бош котиби Чжан Миннинг «ШҲТ руҳини оммалаштиргани» учун Ўзбекистон Республикаси Президентига, шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норовга катта тайёргарлик ишлари учун миннатдорлик билдирган нутқидан парча келтиради.

Мақолада қайд этилишича, июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда ШҲТ ташқи ишлар вазирлари ўз давлатлари раҳбарларига Беларуснинг кузатувчи мақомидаги мамлакатдан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзолигига ўтишини кўриб чиқиш масаласида ўз давлатлари раҳбарларига тавсия этишга келишиб олди.

Муаллифнинг ёзишича, олдинда турган Самарқанд саммити жаҳон сиёсатида муҳим воқеа бўлади, шунингдек, ШҲТ маконининг геосиёсий чегараларини кенгайтиради ҳамда халқаро кун тартибидаги долзарбликларнинг ҳал этилишида белгиловчи аҳамиятга эга омил сифатида хизмат қилади.