"Снос"га тушган нотурар жой эгасига товон пули берилган

Самарқанд шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли янги барпо этилган ўқув биноси олдидаги шаҳарсозлик талабига жавоб бермайдиган собиқ қаҳвахона фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳамда Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлимининг қарори билан бузилмоқда.

Анча вақтдан буён давом этиб келган ушбу низоли иш жорий йилнинг 3 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, давогар — шаҳар ҳокимлиги фойдасига ҳал этилган эди. Масъулларнинг маълум қилишича, жавобгар - нотурар жой объектининг эгаси В.Элона айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаганлиги сабабли унинг номига очилган ҳисоб рақамга товон пули ўзказиб берилган.

Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида маълум қилинди.