Келгусида бузилишга тушадиган давлат объектларидан чиқадиган яроқли қурилиш материаллари кўмак сифатида берилади
Нормурод Юнусов томонидан таҳририятимизга йўлланган мурожаатни ўрганиб, қонун доирасида жавоб беришини сўраб Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Олимов номига хат жўнатганимизни айтгандик . Ҳарҳолда орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб Р.Олимовдан жавоб хати келди.
Жавобни ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг:
“Самарқанд шаҳар, Хишрав қўрғони “Чилқудуқ” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Юнусовнинг уй-жойини таъмирлашда кўмаклашиш ҳақида ёзган мурожаати мутахассислар томонидан ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ариза муаллифига тегишли бўлган уй-жойда қўшима қуриш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун ички имкониятлардан келиб чиқиши лозимлиги тушунтирилди. Шу билан бирга, бугунги кунда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансида қурилиш материаллари захираси йўқлигини билдирамиз.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида уй-жойини таъмирлашда кўмаклашишни сўраб жуда кўп мурожаатлар мавжуд. Шуни инобатга олиб, келгусида бузилишга тушадиган давлат объектлари, юқори турувчи ташкилотлар томонидан бузилиш режалаштирилган бинолардан чиқадиган яроқли қурилиш материаллари ариза муаллифининг уй-жойи учун белгиланган тартибда ажратилади.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Р.Олимов”.