Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан “снос” қилинган уй учун салкам ярим миллиард сўм компенсация ундирилди
Бу иш фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 24 декабрдаги қарорига асосан амалга оширилди.
Қарорда Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан бузилишга тушган қаҳвахона биносининг қурилишига кетган сарф-харажатлар учун фуқаро Р.Э. фойдасига 468 миллион 794 минг сўм компенсация ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритилган.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига кўра қарздорга ижро ҳужжатининг ижросини ихтиёрий равишда таъминлаш учун муддат берилган.
Шунингдек, қонуннинг 71-моддасига асосан давлат ижрочиси томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимлигига компенсация пулини тўлаб бериш мажбурият юклатилган ва бюронинг шаҳар бўлими томонидан ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича ҳокимликка эслатма хат юборилган.
Натижада Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан 468 миллион 794 минг сўм компенсация пуллари тўлиқ ундирилиб, Р.Э.нинг пластик картасига ўтказиб берилган.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими.