Соғлиғимиз – қўлимизда ёхуд карантин чоралари нега кучайтирилди?
Республика махсус комиссияси ахборотига кўра, жорий йил 10 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида карантин чекловлари жорий этилди. Яъни, унга биноан автомобиль ҳаракатини чеклаш, вилоятлараро автотранспорт қатновларини тақиқлаш, буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолиятини тўхтатиш, оилавий маросим, тўй ҳамда бошқа оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш кўзда тутилди.
Карантин чораларининг кучайтирилишига нима сабаб бўлмоқда?
- Бунга ўзимиз сабабчи бўляпмиз, - дейди меҳнат фахрийси Эшмирза Тошмуродов. – Бугунги кунда ер юзида содир бўлаётган воқеаларни, жумладан, ҳар қадамда, ҳар лаҳзада инсон ҳаётига зомин бўлаётган коронавирус касаллигининг оғир асоратларини кўриб, эшитиб турибмиз. Йўқотишлар бўлмоқда. Бундан ўзимиз хулоса чиқармаётганимиз ачинарли. Белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилсак бу балодан осон қутулишимиз мумкин.
- Бу касалликнинг олдини олиш учун, энг аввало, уйда қолиш, шифокорларнинг берган тавсияларини сўзсиз бажариш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш талаб этилади, - дейди шифокор Эркин Рўзиматов. – Касалликни юқтирмасликнинг оддий шартлари шулар.
Хўш, бугунги синовли кунларда биз ана шу қоида-тартибларга амал қиляпмизми?
Афсуски, йўқ.
Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик фуқаролар ҳали ҳам карантин моҳиятини тушуниб етмаётган, таъбир жоиз бўлса уни менсимаган кўринади. Ҳали ҳам кўча-кўйда ниқоб тақмасдан, тақса ҳам номигагина иягига илиб юриш, беш-ўн киши бир жойда тўпланиб олиб гурунглашаётган, айрим ошхоналарда қоидага амал қилмасдан улфатчилик қилаётган, тунги пайтларда уч-тўрт киши бўлиб бемалол сайр қилаётганлар учраб турибди.
Ахир карантин нима мақсадда жорий этилган? Карантин ўзимизни ҳимоя қилиш учун эмасми? Ўзимизни, фарзандларимизни, оиламизни бу балодан асраш учун эмасми? Келинг, уларни, қўни-қўшни, яқинларимизни, айниқса, ота-онамизни асрайлик. Бозорга борганда, жамоат жойларида, дўконларда икки метрлик масофани сақлайлик, қучоқлашиб ё қўл бериб эмас, қўлни кўксимизга қўйиб кўришайлик. Ҳаётимизга ўзимиз зомин бўлмайлик. Бу хасталикнинг домига тушиб қолишнинг бирдан бир сабабчиси ўзимиз. Нега бефарқ, беэътибор бўляпмиз?
Давлатимиз ўз халқининг соғлиғи, эсон-омонлиги учун қанчалик қайғураётганлигини бир ўйлаб кўрайлик. Бугун шу тартиб ва қоидаларга қатъий риоя этмасак эртага кеч бўлиши турган гап.
Дунёда юз бераётган кўнгилсиз воқеаларни бир эслайлик. Кейинги кунларда кимнингдир оиласидаги меҳрибонлари, қадрдон дўсти, қўшниси, ҳамкасби бу касаллик туфайли оламдан ўтмоқда. Бугунги кунда дунё бўйича миллионлар киши шу бедаво дардга йўлиққанлиги, мамлакатимизда ҳам бу рақамлар сони кундан-кун ошиб бораётганлиги наҳотки ҳеч кимни ташвишга солмаяпти.
Республика махсус комиссиясининг маълумотига кўра, бугун, 14 июль соат 10:00 ҳолатига юртимизда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 13 минг 872 тага етган. Шу вақтгача беморларнинг 8 минг 30 нафари касалликдан тузалиб чиққан, афсуски, 64 киши вафот этган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда тождор вируснинг олдини олиш йўлида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Тиббиёт ходимлари бу борада кеча-ю кундуз хизмат қилмоқда. Карантин чекловлари енгиллаштирилди ҳам, бироқ юқорида айтилганидек, бу енгилликни ҳамма ҳам тўғри тушунмади. Коронавирусга чалиниш кўрсаткичи бундан ҳам ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси аввалгидек қатъий карантин чекловларини ўрнатишга мажбур бўлди.
Хуллас, соғлиғимиз ўз қўлимизда. Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз ўз соғлиғимизни, ўз боламизни, ўз оиламизни ўзимиз асрайлик.
Адҳам ҲАЙИТОВ.