Соҳибқирон Амир Темур мардлик, жасорат, ватанпарварлик тимсоли мужассамлашган буюк сиймо

O’zLiDeP  Самарқанд вилоят Кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази Тайлоқ туман бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тайлоқ туман бўлинмасида Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига бағишлаб тадбир уюштирилди.

Унда  O’zLiDeP  Тайлоқ туман Кенгаши раиси, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Зиёдулло Авазов сўзга чиқиб, буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида йиғилганларга гапириб берди.

- Соҳибқирон Амир Темур деганда, мардлик, жасорат, ватанпарварлик тимсоли мужассамлашган тарихий қаҳрамон гавдаланади. У нафақат саркарда, балки одил подшоҳ, буюк меъмор шунингдек,  ўз даврида маданият ва маърифат ривожига ҳисса қўшган буюк арбоб ҳисобланади. Соҳибқирон даврида Мовароуннаҳрда ҳунармандчилик тадбиркорлик кенг ривожланган. Амир Темурнинг  “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”- деган сўзлари бугунги куннинг энг долзарб шиорларидан бирига айланган. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганиш ҳар бир фуқаронинг бурчи деб биланман, - дейди З.Авазов.

Тадбирда  шунингдек ,  O’zLiDeP  Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан Миллий Гвардиянинг Тайлоқ туман бўлинмаси кутубхонасига китоблар жамланмаси тақдим этилди.

- Бугун мамлакатимизда китобга ва китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз томонидан 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги қароридан сўнг юртимизда китобга бўлган муносабат ўзгарди. Бугунги учрашувда ҳарбийларимизга партиямиз томонидан Буюк саркарда Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар совға қилинди. Ушбу китоблар ёшлар учун маънавий озуқа бўлибгина қолмасдан, уларнинг ҳаёт йўлларини ёритишда шамчироқ бўлиб хизмат қилади, - дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши бўлим мудири Насиба Мўминова.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP  Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.