Солиқларни вақтида тўлаяпсизми?

Солиқ кодексига кўра, жисмоний шахслар учун мол-мулк ва ер солиқларини тўлашнинг дастлабки муддати 15 апрель санасига белгиланган.
Мол-мулк ва ер солиқлари Солиқ кодексининг тегишли моддаларига биноан ундирилади. Хусусан, Солиқ кодексининг 419-моддасига мувофиқ, мол-мулк солиғи жисмоний шахсларнинг эгалигидаги уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовлилар, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари ва қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектлар учун ҳисобланади. Ер солиғи эса Солиқ кодексининг 433-моддасига асосан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ёки мерос ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларидан олинади.
2025 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи солиқ солиш объектларидан келиб чиқиб кадастр қийматининг 0,34 фоиздан 1,5 фоизгача ташкил этади. Ер солиғи эса ер майдони ва жойлашувига қараб табақалаштирилган ставкалар асосида ҳисобланади ва вилоятимиз учун базавий ер солиғи ставкаси 1 квадрат метр учун мутлақ ўлчамда 433 сўм этиб белгиланган.
Ҳудудларнинг ва фаолият амалга ошириладиган жойларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ўрнатилган мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига камайтирувчи ва оширувчи коеффициентлар белгилашга ҳақли. Шунингдек, солиқ кодексининг 421 ва 436-моддаларига мувофиқ, айрим тоифа фуқаролар учун мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар тақдим этилган. Бу имтиёзлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бўлиб, уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ёлғиз пенсионерлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар, пенсия ёшига етган шахслар учун солиқ имтиёзлари амал қилади. Бунинг учун қонуний енгилликка эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этишлари лозим.
Мол-мулк ва ер солиқларидан тушган маблағлар давлат бюджетининг муҳим қисмини ташкил қилади. Ушбу маблағлар, маҳаллий инфратузилмани яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, ижтимоий дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, ушбу солиқлар ҳудудий бюджетларга йўналтирилгани сабабли, бевосита ўша ҳудуддаги инфратузилма ва ижтимоий лойиҳалар учун сарфланади.
Фуқаролар солиқ тўловларини амалга ошириш учун бир неча қулай тўлов тизимлари - soliq.uz мобил иловаси, Click, Payme орқали онлайн равишда амалга оширишлари мумкин. Бу усуллар фуқароларга солиқларни ўз вақтида ва қулай тарзда тўлаш имкониятини беради.
Солиқ тўлаш - бу нафақат фуқаролик бурч, балки давлатнинг ривожланишига қўшилган улуш ҳамдир. 15 апрелга қадар мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлаш ҳар бир фуқаронинг мажбурияти бўлиб, бу жараён қонуний тартибда кечиши керак. Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш орқали фуқаролар нафақат ҳуқуқий масъулиятини бажаради, балки жамият фаровонлигига ҳам ҳисса қўшади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.