Солиқни маҳаллага тўлайсиз 10 фоизи ҳудуднинг ўзига қайтади
Ўтган йил 26 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга асосан, жорий йил 1 январдан ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини ҳал этиш учун солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда “Маҳалла бюджети” тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилди.
Ушбу тажриба амалиётга жорий этилганига ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди. Тажриба учун вилоятимиздан Ургут тумани танланган эди. Хўш, лойиҳа доирасида бугунгача бўлган натижалар қандай? Туман давлат солиқ инспекцияси берган маълумотларга кўра, ушбу амалиёт соҳада кутилган ижобий натижани бермоқда.
- Натижанинг ижобийлиги дастлаб рақамларда акс этяпти, - дейди туман давлат солиқ инспекцияси ҳисобни юритиш ва буджет даромадларини прогнозлаштириш бўлими бошлиғи Феруз Бахронов. – Бу тажриба амалиётга жорий этилганидан кейинги даврда аҳолининг мол-мулк ва ер солиғи тушумлари бир бараварга ошганидан ҳам кўриниб турибди. Хусусан, туманнинг ярим йиллик солиқ тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 197 фоизга бажарилди. Тумандаги мавжуд 120 та маҳалланинг барчасида солиқ тушумида ўсиш кузатилди. Буни исталган бирор маҳалла мисолида кўришимиз мумкин. Масалан, «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган йилнинг олти ойида солиқ тушумлари 56 миллион сўмдан ортиқроқни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 152 миллион сўмга етди. Яъни, солиқ тушуми ўтган йилга нисбатан 268 фоизга бажарилди. Бугунгача туманнинг Андак, Бекравот, Бунёдкор, Ипак йўли каби маҳаллалари солиқ тушумларида юқори натижалар кўрсатяпти. Айрим чекка ҳудудлардаги маҳаллалар кўрсаткичларининг бугунгача паст эканлиги эса аҳолининг мавсумий даромадига, яъни кузги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари йиғим-терими билан боғлиқ. Аммо умумий кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан олганда бутунлай яхши томонга ўзгарган. Туман миқёсида ўтган йилнинг олти ойида 6 миллиард 480 миллион сўм солиқ тушумлари ундирилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу 6 миллиард 500 миллион сўмга ортиб, 12 миллиард 767 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ушбу амалиётдан асосий мақсад маҳалланинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг маълум қисмини маҳалланинг ўзида қолдирган ҳолда бундан шу ҳудудда яшовчиларни манфаатдор қилишдир. Ҳар ойда солиқ тушумларининг 10 фоизи кейинги ойнинг 10-санасига қадар туман бюджети орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади. Кейинги босқичда тизим асосида шакллантирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган ва амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади.
- Маҳалла буджети тизими асосида шакллантирилган маблағлар “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Акбар Алмасов. - Ушбу лойиҳа амалиётга тўлиқ татбиқ этилгач, ҳар йили 1 февралга қадар маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари билан бирга маҳалла бюджети ҳисобидан ҳал қилинадиган лойиҳалар рўйхатини туман Кенгашларига тасдиқлаш учун киритиш белгиланган. Маҳалла буджети тизимини жорий этиш орқали унинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш режалаштирилган. Жорий этилган тизим маҳаллабай ишлашни янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларининг бевосита маҳалла даражасига туширилишини таъминлаб, ҳудуднинг ўзида кўплаб муаммоларни ҳал этиш, жумладан, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, моддий ёрдам, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кутубхоналар, спорт майдончалари қуриш каби масалаларни ҳал қилишга замин яратади.
Сулаймон МАРДИЕВ.