Сўнгги уч йил ичида вилоятда 53 нафар фуқаро сувда чўкиб ҳалок бўлган

Фуқароларнинг сувда чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига қарамасдан, чўмилиш рухсат этилмаган сув ҳавзаларида фуқароларнинг сувда чўкиб ҳалок бўлишлари кузатилмоқда.

Сўнгги 3 йил вилоят ҳудудидаги сув ҳавзаларида 53 нафар фуқаронинг сувда чўкиб ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд қилинган. Бу ҳолатларнинг 70 фоизини фуқароларнинг эҳтиётсизлиги, 15 фоизини маст ҳолда чўмилиш, 10 фоизини ёш, вояга етмаган болаларнинг назоратсиз қолдирилиши ва 5 фоизини бошқа сабаблар ташкил этади.

Бу асосан Зарафшон, Қорадарё ва Оқдарё дарёлари, Дарғом, Эски Анҳор, Нарпай, Мирзаариқ, Туятортар, Қорасув, Сиёбча, Катта¬қўрғон сув омборининг кириш ва чиқиш каналлари ҳамда Каттақўрғон ва Қоратепа сув омборларида содир бўлмоқда.

Фуқаролардан ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чўмилиш рухсат этилмаган, оқим тезлиги юқори бўлган, чуқур сув ҳавзаларида чўмилмасликларини, ёш, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирмасликларини ва албатта чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

М.НОРҚУЛОВ, подполковник.

 Н.КАРИСОВ, лейтенант.