Сўровнома натижалари: 70 фоиз иштирокчи ҳашаматли тўй тарафдори эмас
Олдинроқ телеграмм каналимизда “Ҳашаматли тўй ўтказувчиларга қандай муносабатдасиз?” саволи билан сўровнома ўтказилганди. Кутилганидек, аксарият иштирокчилар тўйни ортиқча исрофгарчилик ва манманлик деб билиши маълум бўлди.
Сўровномада 2800 дан зиёд фойдаланувчи овоз берган бўлиб, шундан фақат 31 фоизи саволга “Бу ҳар кимнинг ўз иши” дея жавоб берган.
Қолган иштирокчилар (салкам 70 фоиз) эса у ёки бу тарзда ҳашаматли тўй тарафдори эмаслигини билдирган. Жумладан, 26 фоиз респондентлар ҳашаматли тўй қилувчиларга нисбатан “Бу – мол дунёсини кўз-кўз қилиш, манманлик” деган жавобда тўхталган. 27 фоиз иштирокчилар ҳашаматли тўйни “Йиллаб йиққанини ҳавога совуриш” деган фикрда бўлса, 16 фоиз иштирокчи ҳашаматли тўй шунчаки “Кераксиз орзу-ҳавас” деган фикрда.
Сўровнома иштирокчилари алоҳида тартибда ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам ёзиб юборган. Уларнинг ҳам аксариятида ҳашаматли тўй ёқланмаган. Хусусан, фойдаланувчилардан бири бундай тўйлар, аввало, увол эканини таъкидлаб, 10 кишилик столда 30 кишига етадиган таомлар тортилишига эътибор қаратган.
Ҳусниддин Рустамов исмли иштирокчининг фикрларини эса шундайлигича келтирамиз:
“Дабдабали тўйга ҳам яхшигина пул кетади. Кўряпмиз, кузатяпмиз, тўйдан кейин узоққа бормай ёшлар ажрашиб кетишяпти. Ваҳоланки, шу тўйга ҳам бировлардан яхшигина қарз олиб қилиб, анча оилавий шароити ёмонлашиб қолганлар бор. Баъзи оилалар кичкина, ихчам тўй қилиб, қариндошлар қўни-қўшни чақириб, тўй қилиб бахтли яшаётганларни кўряпмиз. Бир-бирига мақтаниб, бировни инфаркт ё касал қилишдан нима фойда? Яна денг, тўйдан кейин баъзи урф-одатларни чиқариб олади. Туғилган болага бир дунё латта-путта, зеб-зийнат. Эээ, гапирса гап кўп...
Анвар Мустафоқулов тайёрлади.