Сўровнома якуни: вилоят аҳолиси вакиллари жамоат транспорти хизматидан рози эмас

Тугаётган ойда Самарқанд вилоятида жамоат транспорти ҳолатини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси томонидан ижтимоий сўров ўтказилди.
Хусусан, "Сиз кўпинча қайси транспорт воситаларидан фойдаланасиз?", деган саволга иштирокчиларнинг аксарият қисми жамоат транспортидан, жумладан автобуслар хизматидан фойдаланишини билдирган. Кейинги жавобларда эса иштирокчилар йўналишли ва йўналишсиз таксилар ҳамда шахсий транспортдан фойдаланишларини билдирган.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, вилоятда автобус ва таксилар бошқаларига қараганда оммабоп ва талаб юқори транспорт воситаси ҳисобланади.
"Яшаш ҳудудингиздаги жамоат транспорти фаолиятини қандай баҳолайсиз?", деб берилган саволга респондентларнинг 45,6 фоизи - мутлақо қониқарсиз деб баҳолаган.
Шунингдек иштирокчиларнинг 34,5 фоизи "Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти ҳолати қисман яхшиланмоқда", деган фикрда. Қолган иштирокчилар фикрича эса ҳолат ўзгармаган.
Респондентлар бугунги кундаги жамоат транспорти фаолиятида кузатилаётган, йўловчиларга ноқулайлик келтирадиган ҳолатлар бўйича ҳам фикрларини билдиришган.
Хусусан ижтимоий сўровда иштирок этган фуқароларнинг 54,4 фоизи эрталабки вақтларда автобусларнинг кам бўлишини билдирган. Қолган иштирокчилар эса автобуслар йўналиш бўйича қатновни эрта тугатиши, транспорт воситасининг ёмон ҳолати (эски, чанг, ўриндиқлари олиб ташлангани каби), нарх ва сифат ўртасидаги номутаносиблик, ҳайдовчи ва кондукторнинг йўловчиларга қўпол муносабати кабиларни санаб ўтган.
Энг кўп респондентлар ўзларининг қуйидагича фикрларини қолдирган:
1. “Жамоат транспорти графиги деган тушунчанинг ўзи йўқ”.
2. “Автобус сиғимидан 2-3 баравар кўп йўловчи олинади”.
3. “Пули тўлангач, чипта берилмайди”.
4. “Ўриндиқлар олиб ташланган”.
5. “Йўллар тирбанд”.
6. “Кексалар ва ҳомиладор аёллар учун ўтиришга жой йўқ”.
7. “Соат 19:00 дан кейин ҳаракат кам”.
8. “Автобус бекатларда ҳаддан зиёд қолиб кетади”.
9. “Автобуслар нотоза ва ёқимсиз ҳид анқийди".
10. Ҳайдовчилар бир-бири билан “пойга” ўйнайди.
11. “Йўлни ўртасида тўхтаб йўловчи олишади”.
12. “Ҳайдовчилар автобус бошқаришда йўловчилар тик турганини ҳисобга олмайди. Кескин ҳайдайди”.
13. “Кўп ҳолларда қайтим берилмайди”.
Умуман, юқоридаги жавоблардан кўриниб турибдики, вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари жамоат транспорти ҳолатини яхши деб баҳоламайди, дея хулоса бермоқда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати.