Совға нима? Унинг миқдори қанча? Пора ўрнида фойдаланиладиган совғалар ҳам борми?

Барчамиз яхши биладиган, кунда, кунора дуч келинадиган совғаларнинг турли кўриниш ва шакллари бор. Масалан, моддий, номоддий, қандайдир ҳуқуқни бериш ёки мажбуриятдан озод қилиш ва бошқалар.

Давлат хизматчиларига совға беришда коррупциявий хатарлар бўлганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунида бу тушунчага аниқ таъриф берилган. Жумладан, қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчисига бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки унга беғараз кўрсатилган хизмат ё совға, шунингдек, бу каби хизматлар унинг оила аъзоларига кўрсатилган тақдирда ҳам совға ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2023 йил 4 апрелдаги 54-сон буйруғи билан тасдиқланган “Агентлик ходими томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги Низом совға олиш-бериш бўйича муносабатларни тартибга солади. Ушбу Низомга кўра, ходимлар томонидан олинган совғалар мазкур агентликнинг совғалар реестрида рўйхатга олиниши керак.

Совғанинг нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, яъни (2024 йилнинг декабрь ҳолати бўйича) 1 млн. 360 минг сўмдан ошмаса, совға ходимда қолдирилади. Қолган ҳолатларда эса давлат органининг балансига ўтказилиши лозим.

Умуман, давлат хизматчиси жисмоний ва юридик шахслардан совға олиши мумкинми?

Давлат хизматчиси ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиши тақиқланган. Аммо давлат хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори билан олинган совғалар, шунингдек, мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғаларга нисбатан ушбу тақиқ қўлланилмайди.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совға олиши мумкин. 

Фақат бундай совғалар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • совға уни берувчи томонидан аниқ бир халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан ихтиёрий тақдим этилган бўлиши;
  • давлат хизматчиси томонидан очиқ ва ошкора қабул қилиниши;
  • давлат органининг обрўсига путур етказмаслиги;
  • манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмаслиги шарт.

Хўш, хорижда ҳам давлат хизматчилари совға оладими?

СИНГАПУРда вазир, унинг оила аъзолари совға олиши махсус кодекс билан тартибга солинган. Масалан, 50 сингапур долларигача (бугунги кунда 32 доллар атрофида) бўлган совғани ўзида олиб қолиши мумкин.

РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИда амалдор, ўқитувчи, шифокор, раҳбар лавозимидаги шахсларга 3000 рублдан (тахминан 390 минг сўм атрофида) ортиқ қийматда совға берилса, бу пора ҳисобланади.

Совға, албатта, харид чеки билан бирга берилиши керак. Совғани бераётган вақтда, ёзма бўладими ёки оғзаки, бирор нарсага шаъма қилиш, сўраш, таклиф қилиш мумкин эмас. Шу сабабли, совғани байрам, туғилган кун ёки бирор аҳамиятли сана муносабати билан бериш мумкин.

Бундан ташқари, совғани олишни истамаган кишини кўндиришга уриниш, олмаса ҳам столи устида ташлаб кетиш мумкин эмас.

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИда мансабдор шахсларга, давлат хизматчиларига совға сифатида бериш тақиқланган предметлар қонун билан белгилаб қўйилган экан. Ҳар қандай совға пора сифатида қабул қилинади ва ўлим жазоси билан жазоланади. Бу мамлакатда китоб совға қилишга рухсат бўлгани боис, айрим уддабуронлар бунинг муқовасини қимматбаҳо тошлар билан безаб, ноёб металлардан ишланган ғилофлар тайёрлатиб, пора сифатида тақдим этишади.

Аммо, матбуотда бундай ҳолатлар ҳам жавобгарликка тортилишга сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарлар учраб тураркан.

АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИда амалдор ва президентнинг мамлакат хорижий давлатлар ва ташкилотларидан олган совғаси 305 доллардан ошадиган бўлса, декларацияда кўрсатиши ва давлат архивига топширишга мажбур. Агар ўша совғани ўзига олмоқчи бўлса, уни сотиб олиши керак бўлади.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили “Federal Register” ахборотномасида совғалар рўйхатини эълон қилиб борар экан.

БУЮК БРИТАНИЯда мансабдор шахсларга бериладиган совға 140 фунт (тахминан 266 доллар)дан ошмаслиги керак. Бундан қиммат совға фақат ўша амалдор жавоб сифатида қиймати ўша совғадан қолишмайдиган совға билан жавоб қайтарсагина рухсат этилади.

ФРАНЦИЯда мансабдор шахслар олиши мумкин бўлган совғанинг рухсат этилган қиймати 35 евро (тахминан 470 минг сўм). Бундан қиммат совға бўлса, уни албатта эгасига қайтариб бериши шарт.

Масалан, Франциянинг собиқ президентлари Франсуа Миттеран от заводига олган отини, Жак Ширак эса АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтондан олган “Rolex” тилла соатини қайтариб берган.

Шунақа гаплар...

Коррупцияга қарши курашиш Самарқанд вилояти ҳудудий кенгаши томонидан тайёрланди.