Спорт мактабларига қабул жараёнлари ўзгарди(ми?)

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 ноябрдаги “Спорт соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, спорт мактабларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш ҳар йили 1 августдан 21 августга қадар амалга оширилар эди.
Президентнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Хоккей спорт турини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2024-2025 ўқув йилидан йил давомида амалга оширилиши белгиланди.
- Олдинги йилларда 7 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг маълумотлари ва уларнинг ота-онаси томонидан аризалар спорт мактаби директорига тақдим этилиб, спорт мактабига қабул қилинарди, - дейди вилоят спорт бошқармаси спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Аслиддин Носиров. - Президентнинг 2022 йил 6 июндаги “Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан спорт мактабларига 4 ёшдан 30 ёшгача бўлган спорт билан мунтазам шуғулланувчи болалар қабул қилинмоқда.
Шунингдек, 2024-2025 ўқув йилидан ўқувчиларни спорт мактабларига қабул қилиш, ҳужжат топшириш, спортчиларни саралаш жараёнлари Спорт вазирлиги томонидан ишга туширилган ягона электрон платформа орқали соддалаштирилиб, ҳужжатлар онлайн ва давлат хизматлари маркази орқали қабул қилинадиган бўлди.
2024 йилдан спорт синовлари ва меъёрларидан ўтган иштирокчилар билан бирга “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида юқори натижаларга эришган ёшлар ҳам спорт турлари бўйича тўгаракларга қамраб олинмоқда.
Жумладан, айни пайтда спорт таълим муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг 3852 нафари спорт синовлари ва меъёрларидан ўтган иштирокчилар ҳамда “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида юқори натижаларга эришган ёшлар саналади.