ССВ: Бухорода яна 11 нафар бемор тузалди. Вилоятда жами соғайганлар 39 нафарга етди
Айни коронавирус пандемияси авж олган бир пайтда тиббиёт ходимларининг фаолияти жангга қиёсланмоқда. Биласиз, жангда қанчалик ғолиб бўлиб, душман чекинаверса, жангчиларнинг янада шиддати ошади, руҳи кўтарилади. Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг кетма-кет дарддни енгишаётгани шифокорларимизни янада руҳлантириб, матонат билан курашишларига туртки бўлмоқда.
Ушбу кўтаринкилик юртимиз бўйлаб коронавирусга чалинган фуқароларимиз даволанаётган барча тиббиёт муассасаларидаги ходимларнинг янада ишонч билан фаолият юритишларига замин яратмоқда.
Ушбу ижобий жараёнларнинг самараси ўлароқ, бугун ҳам Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан бўлса, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.
Ушбу муваффақиятли қадамларга сабаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани десак, хато бўлмайди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.
Муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларида барча зарур шароитларнинг яратилгани, малакали кадрлар билан таъминланганлиги коронавирус пандемиясига қарши тезкор ва самарали курашишнинг ҳам асосий омили бўлмоқда.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 140 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.