ССВ: Коронавирус инфекциясига чалинган 83 нафар фуқародан 23 нафари хорижда, 60 нафари эса улар билан мулоқотда бўлгани учун юқтириб олган

Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳолатлари 83 тани ташкил этмоқда. Улардан 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Ёш жиҳатдан қарайдиган бўлсак, 0-9 ёшгача – 5 нафар, 10-19 ёшгача – 2 нафар, 20-29 ёшгача – 24 нафар, 30-39 ёшгача – 17 нафар, 40-49 ёшгача – 16 нафар, 50-59 ёшгача – 11 нафар, 60-69 ёшгача – 7 нафар ҳамда 70 – 79 ёшгача бўлганлар ҳам 1 нафарни (миокард инфарктдан вафот этган бемор) ташкил этмоқда.

Ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцария давлатларида бўлиб қайтган 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, 60 нафар фуқаро эса улар билан яқин мулоқотда бўлгани учун юқтириб олишган.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Шу йилнинг 22 март куни Истанбул–Бухоро чартер рейсида юртимизга олиб келиниб, карантинга олинган фуқаролар орасидан пойтахтлик, Тошкент ва Андижон вилоятидан 3 нафар кишида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланганди. Айни пайтда ушбу беморлар Бухоро вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Қолган беморлар эса пойтахтимиздаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Шифокорлар томонидан барча беморларга стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суруштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур профилактик чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.