Сталин репрессияси даврида қурбонлар сони қанча бўлган?

Сталин репрессияси билан боғлиқ рақамлар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Айрим мутахассислар 10 миллионлаб қурбонлар ҳақида маълумотлар келтирса, баъзилари 100 минглаб қурбонлар бўлгани ҳақида айтмоқда.

Ким айбдор?

Тарихчи олим Николай Копесовнинг фикрига кўра, 1937-1938 йиллардаги қатағонларнинг кўпчилиги фақат Сталин буйруғигагина асосланмасдан, балки Ягода, Ежов ва Берияларнинг имзолари билан ҳам амалга оширилган. Копесов тарафдорларининг фикрича, жазони ижро этиш тузилмалари раҳбарлари ўзлари хоҳлагандек иш тутишган. Бироқ тарихчиларнинг кўп қисми ушбу фикрга қўшилмайди ва уларнинг фикрига кўра, Ежов ва Берия каби жаллодлар бор йўғи Сталин қўлидаги қурол бўлган ва охир оқибат уларнинг ўзлари ҳам Сталин террори қурбони бўлганликларини таъкидлайди. Тарих фанлари доктори, Россия Федерацияси Давлат архиви бош мутахассиси Олег Хлевнюкнинг таъкидлашича, ҳужжатларда Сталиннинг имзоси йўқлиги ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмас. У фақат “тозалаш” ҳақида буйруқ берган.

Қурбонлар сони қанча эди?

Сталин террори қурбонлари масаласи бўйича тортишувлар узоқ баҳс-музокараларга сабаб бўлмоқда. “Ким ва қай тарзда сталинизм қурбони бўлган”, деган саволга яхлит жавоб йўқ. Кўплаб мутахассислар “қатағон қурбонлари” тушунчаси жудаям кенг қамровли тушунча эканлигини таъкидлайди.

Шубҳасиз, суд қилинганлар, қамоқхона ва лагерларга юборилганлар, отишга ҳукм қилинганлар, мол-мулки мусодара қилинганлар биринчи навбатда, қатағон қурбонлари рўйхатига киритилади. Аммо уларнинг оила аъзолари, қийноққа солиниб, кейин қўйиб юборилганлар ва бошқа ҳолатлар ҳам инобатга олиниши керакми? Сиёсий ва жиноий маҳбусларни ажратиш керакми? Кўчада майда ўғирлик учун ҳибсга олиниб, кейин давлат миқёсидаги жиноятни содир этганликда айбланганларни қайси тоифага ажратиш мумкин?

Депортация қилинган халқлар алоҳида эътибор талаб этади. Улар ҳам қатағон қурбони бўлганми ёки шунчаки маъмурий жазоланганларми?

Юқорида келтирилган маълумотларни ҳисобга олиб ёки олмасдан қилинган ҳисоб-китоблар турлича рақамларни кўрсатмоқда. Бу масалада энг таъсирли рақамларни иқтисодчи Иван Курганов тақдим этди. Унинг ҳисоб-китобига кўра, 1917–1959 йиллар давомида 110 миллион нафар собиқ иттифоқ фуқаролари репрессия қурбони бўлган. Бу рўйхатдан собиқ иттифоқ ҳудудидаги барча миллат вакиллари ўрин олган: ўзбек, рус, чечен, тожик, арман, озарбайжон, украин ва бошқа миллатлар.

Шу билан бир қаторда, Курганов, очарчилик, коллективлаштириш, деҳқонларнинг қулоқ қилиниши, отишга ҳукм қилинганлар каби омилларни киритган. Эътибор қаратиш лозим бўлган томони шундаки, Курганов фақатгина вафот этганларни ҳисоблаган. Агар мутахассис келтирилган давр ичида собиқ совет ҳукумати терроридан барча жабр кўрганлар сонини ҳисобласа, қандай рақамлар қайд этилишини тасаввур қилса бўлади.

“Мемориал” ҳуқуни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Арсений Рогинский келтирган рақамларга кўра, бутун совет иттифоқи кўламида 12,5 миллион одам сиёсий қатағон қурбони бўлган. Аммо бу масалага кенг қамровда қаралса, 30 миллион одам қатағон қурбони бўлганлиги таъкидланган.

“Яблоко” сиёсий ҳаракати етакчилари Елена Кривен ва Олег Наумовларнинг ҳисоб-китобига кўра, Сталин террори оқибатида жами 39 миллион турли миллат ва элат вакиллари қурбон бўлган.

Шубҳасиз, келтирилган рақамлар қурбонларнинг аниқ сонини ифода этолмаса ҳам тахминий рақамларни акс эттира олади. Бир нарса аниқ, Сталин террори кўплаб миллат ва эллат вакилларининг ёстиғини қуритди. Кўплаб зиёли ва билимли, мард одамлар йўқ қилинди.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.