Стартап лойиҳа 116,1 миллион сўмга молиялаштирилди
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали тадқиқотчиси Шукрулло Муратовнинг “Инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон” лойиҳаси вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси томонидан ўтказилган ҳудудий стартап лойиҳаларнинг учинчи тўлқинида ғолиб деб топилди.
Бу лойиҳалар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 116,1 миллион сўмга молиялаштирилди.
Дастлаб лойиҳани шакллантиришда илмий тадқиқотчи томонидан икки йил давомида вилоятимиздаги 1000 дан ортиқ томорқа хўжалиги фаолияти ўрганилди. Хусусан, ҳар бир уй хўжаликлари учун томорқа экин майдонидан юқори даромад олиш нуқтаси, томорқа экин майдонларидан фойдаланиш ҳолати, оила бошлиғи ва аъзоларининг бандлиги, билим ва кўникмалари, ресурс имкониятлари ва томорқада инновациялардан фойдаланиш ҳолати ва бошқа омилларга илмий асосланган ҳолда иқтисодий баҳо берилди.
Тадқиқотчи томонидан Япониянинг Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университетида олган билим ва тажрибалари ҳамда вилоятда ўтказган илмий тадқиқот натижалари асосида қишлоқ аҳолиси бандлиги ва уларнинг даромадини ошириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, деҳқон бозорларида барча фасллар учун сабзавот маҳсулотлари баҳосини барқарорлаштириш мақсадида ушбу лойиҳа ишлаб чиқилди.
- Инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон ҳар томонлама анъанавий кичик ёпиқ майдонга нисбатан ресурс-тежамкорлиги, мустаҳкамлиги ва самарадорлиги илмий асосланган, - дейди тадқиқотчи Ш.Муратов. - Хусусан, анъанавий кичик ёпиқ майдонда 70-75 фоиз экин майдонларидан фойдаланилса, инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдонда сабзавот экинларини 95-100 фоиз экиш ва ердан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланишни 33-35 фоизга тежайди. Унда ишлатиладиган плёнкадан 3-5 йил давомида фойдаланиш мумкин. Шунингдек, баҳор фаслида қулупнай ҳосилига ва куз фаслида ер токида пишган узум сифатига ёғингарчилик салбий таъсир кўрсатишининг олди олинади.
Лойиҳа учун ажратилган пул маблағлари ҳисобидан апрель ойида Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон, ишсиз 20 нафар аёлга инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон қуриб берилди. Бу майдонларда серҳосил помидор кўчатлари экилди. Шунингдек, ТДАУ Самарқанд филиали, маҳалла раиси ва қабул қилиб олувчи уй хўжалиги ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.
Қишлоқ хўжалигида 1 сотих инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдонда экин турларидан келиб чиққан ҳолда, йилига ўртача 13-15 миллион сўм даромад олиш мумкин.
Шунингдек, лойиҳа доирасида тажриба сифатида филиалнинг 5 сотих майдонига инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон қурилиб, серҳосил “Ложайин” F1 навли помидор экилди ва 5 нафар талабанинг бандлиги таъминланди.
Хуршида Эрназарова.