Стипендия кимга, қанча тўланади? “Контракт”да ўқиб ҳам стипендия олиш мумкин
Одатда кўпчилик бу масалага эътибор қаратмайди. Бироқ амалдаги тартибда талаба-ёшлар учун қатор рағбатлантиришлар белгиланган.
Мисол учун, олий ўқув юртида 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ўзлаштираётган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланиб, тўланиши керак.
Албатта, бу ўринда жисмоний имконияти чекланган йигит-қизлар ўзлаштираётган талаба — бундан аввалги ўқув семестри учун ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичлари бўйича академик қарзи мавжуд бўлмаган талаба бўлиши талаб этилади.
Умуман, олий таълим муассасаларида ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни моддий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш учун Талабаларни рағбатлантириш жамғармасини ташкил этишга розилик берилган.
Жамғарма маблағлари олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоиз миқдоридаги маблағлар ҳисобига шакллантирилади.
Ушбу маблағ ҳисобидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган (стипендияли ёки стипендиясиз шаклда эканлигидан қатъи назар), ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари «аъло» бўлган талабалар стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида рағбатлантирилади.
Ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабалар белгиланган стипендияларга нисбатан қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.
Дарвоқе, стипендия тўловларига ажратилган республика бюджети маблағларининг ҳисобот даври якуни бўйича бўшаб қолган қисми талабаларни қўшимча равишда моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
Сайтимизни кузатиб боринг, мавзуга яна қайтамиз.