Суд 1300 доллар қарзни ундириб беришга қарор қилди
Одатда шундай бўлади, гоҳида муҳтожга ёрдам қилиш савоб деб, қарз берганлар уни қайтариб олгунча, она сути оғзига келади. Энг ёмони, қарз олган одам дўппи тор келганда “пулим йўқ, қаерга, кимга борсанг-бор, сенга пул бермаймайман”, деб тўнини тескари кийиб олади.
Шундай ҳолларда қарз берган одам иложсиз фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилади.
Мухлиса (исм ўзгартирилган) билан ҳам айнан шундай бўлган. У 2014 йилнинг май ойларида турмуш ўртоғи билан жуда муҳтож бўлиб қолдим, деб келган Шокирга 4000 АҚШ доллари беради.
Аслида у бундай қилмаслиги ҳам мумкин эди. Негаки, бу маблағни фарзандлари чет давлатда ишлаб топган эди. Бироқ Мухлисанинг опаси ҳам бир-бир ярим ойда қайтариб берар экан, деб орага кирганди. Камига невараси Шокирни Самарқанд шаҳридаги хонадонида турган экан. Наилож...
Мухлиса орадан анча вақт ўтганидан сўнг Шокирга телефон қилиб, олган пулини қайтариб беришини айтганда, у тез кунда тўғрилаб беришини билдиради. Бироқ ўша кун ҳа, деганда келавермайди.
Афсуски, ўз қўллари билан қарз берган Мухлиса Шокирнинг эшигини бир неча марта қоқишига тўғри келди. Қайта-қайта сўраб, бир йил деганда 2000 доллар ва 1,5 миллион сўм пул олади. Қолган 1300 долларини тез кунда бераман, деб тилхат ёзиб берган Шокир уч йил Мухлисани алдаб юрди.
Мухлиса 2018 йилда Шокирнинг уйидан бир неча маротаба қувиб чиқарилса-да, ўзим пиширган ош, деб сабр қилди. Шокирни инсофга кириб қолар, олган қарзини қайтариб берар, деб умидини узмади. Охирга марта унинг уйига борганида ҳақорат қилиб, шахсиятига текканлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига қарзни ундириш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Суд мажлисида Шокир томонидан қарз мажбурияти лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли даъво талабини қаноатлантириб, Шокирдан Мухлиса фойдасига 1 300 долларни сўмга нисбатан қийматидан келиб чиққан ҳолда ундириб бериш белгиланди.
Ф.МУХТОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди судьяси.