Судга 6 ой ичида кассация тартибида шикоят қилиш мумкин
А.ТУРДИЕВ,
Самарқанд шаҳри.
– 2018 йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексига биноан тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят қилиши мумкин.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний ўтказилганида уни олдинги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти шу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.
Кассация шикоятига қу¬йидаги ҳужжатлар илова қилинади: давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат, кассация шикояти вакил томонидан имзоланган ҳолларда уни имзолашга вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат, суднинг аризани қайтариш ҳақида ёки аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан кассация шикоятига қайтарилган ариза ва унга қўшиб берилган ҳужжатлар.
Суд ишни кассация тартибида кўраётганида суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини текширади. Суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Алишер ҲУСЕЙНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг судья катта ёрдамчиси.