Судларда фуқаролик ишларини кўриб чиқиш тўхтагани йўқ
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарорига асосан фуқаролик ишларини кўриб чиқиш тўхтатилган эди.
Аммо вилоят судлари томонидан фуқароларнинг розилиги ва барча карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фуқаролик ишларини кўриб чиқиш бошланди.
2020 йил 16 мартдан 29 май ҳолатига фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари томонидан 2 843 та фуқаролик ишлари ва суд буйруқлари кўриб тамомланган. Жумладан, 2 720 та биринчи босқич фуқаролик ишлари, 414 та суд буйруғи, 39 та апелляция ва 84 кассация тартибидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.
Бугунги кунда Республикамизда эпидемиологик ҳолат яхшиланаётганлиги туфайли судлар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилиб, ишларни кўришга тайинлашда ҳар бир ҳудуддаги эпидемиологик вазият инобатга олиняпти. Шунингдек, ўрнатилган санитария-гигиена талабларига амал қилиш, биринчи инстанцияда кўриш учун тайинланган ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш, тарафларга суд қарорларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят суди судьялари ишларни апелляция ва кассация инстанцияларида кўришни ҳар бир муайян иш ҳолатидан келиб чиқиб ташкил этяпти.
Умуман, 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди биринчи инстанциясида 297 та фуқаролик ишлари тамомланган. Шундан 278 та даъво қаноатлантирилган, 17 та даъво рад қилинган, 2 та иш юритишдан тугатилган.
Туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан ҳисобот даврида 7 665 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан 6 982 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шулардан 6.107 та даъво қаноатлантирилган, 875 та даъво рад этилган. 322 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган, 361 та иш кўрмасдан қолдирилган.
Туманлараро судлар томонидан жами чиқарилган 1.893 та суд буйруқлари чиқарилган, 3 516 та сайёр суд мажлислари ўтказилган.
Б.НОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси вазифасини бажарувчи.